Наманган давлат университети юридик факультетида Нагоя университети профессори Алишер Умриддинов иштирокида онлайн семинар ўтказилди.
«Японияда олий таълим ва таълим олиш имкониятлари» мавзусидаги семинардан кутилган мақсад – талабаларни етакчи хорижий олий таълим муассасаларидаги таълим олиш имкониятлари, уларга қабул қилиш шартлари ва яратилган қулайликлар билан таништиришдан иборат бўлди.
Шунингдек, профессор Алишер Умриддинов ҳуқуқ соҳасида етук мутахассис бўлиш учун халқаро даражадаги тажриба ва билимларни ўзлаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, юқори натижаларга эришиш борасида ўз фаолиятидан мисоллар келтириб ўтди.
Семинарда асосий мавзудан ташқари, шунингдек, Наманган давлат университети ва Нагоя университети талабалари ва профессор-ўқитувчилари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, хорижда таҳсилни давом эттириш истагидаги талабаларга ёрдам бериш масалалари ҳақида ҳам сўз борди.
Маълумот учун, Алишер Умриддинов 1986 йилда Фарғона вилояти Бағдод туманида туғилган. Тошкент давлат юридик университетида бакалавр, Нагоя университети Ҳуқуқ факультетида магистратура ва докторантура йўналишларида ўқиган. «Сиёсий халқаро ҳуқуқшунослик» бўйича фан доктори.2013-2014 йилларда Лондон университети Осиё ва Африка тадқиқотлар коллежида (СОАС) меҳмон тадқиқотчи, Шотландиянинг Данди университетида меҳмон хорижий тадқиқотчи сифатида изланишлар олиб борган. 2014 йилдан буён Нагоя университети ҳуқуқ факультети профессори.
У халқаро иқтисодий ҳуқуқ, инвестиция низолари ва хорижий инвесторлар ҳимояси, нефт ва газ соҳасининг бошқарилиши, Бутунжаҳон савдо ташкилоти масалалари ва Хитойнинг «Бир қамар – бир йўл» ташаббусига доир илмий ишлар олиб борган.
Талабалар Ўзбекистон фарзанди бўлган хорижий университет профессоридан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.