Ўзининг гўзал табиати, узоқ тарихга эга осори-атиқалари билан саёҳат ишқибозларини чорлаб келган Наманганда бугун 300 га яқин туристик манзиллар фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида уларга етти миллионга сайёҳлар ташриф буюриб, хизматлар ҳажми 370 миллион АҚШ долларидан ортди. Ушбу кўрсаткичнинг 190,8 миллион доллари 600 мингга яқин хорижий фуқаролар ҳиссасига тўғри келади.
Айтиш лозимки, соҳани ривожлантиришнинг истиқболли режалари ижроси билан гуллар шаҳри ва туманлардаги жозибадор масканларга келаётган сайёҳлар оқими жадал ўсиб бормоқда.
Кеча вилоят марказидаги “Атоур“ меҳмонхонасида ташкил этилган халқаро туризм ярмаркасида ҳудуд сайёҳлик салоҳияти яна бир бор намойиш қилинди. Унда 60 га яқин маҳаллий ва хорижий вакиллар, шунингдек, соҳа йўналишида таҳсил олаётган 50 дан ортиқ ёшлар ҳамда ҳунармандлар иштирок этди. Германия, Швейцария ва Австриядан келган 9 та йирик турбизнес вакиллари Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистон ҳудудларида барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида тадбирда қатнашди.
— Тадбирнинг асосий мақсади европалик сайёҳларни жалб этишга қаратилган бўлиб, юртимиз манзаралари, хусусан, янги сайёҳлик локациялари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратилди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов. — Пировардида, хорижлик туроператорлар ўз сайёҳлари учун янги йўналишларни танлаб олишди. Уларнинг кўпчилиги жорий йилнинг 21-23 ноябрь кунлари пойтахтда ўтказиладиган навбатдаги “Тошкент халқаро туризм ярмаркаси” давомида ўзаро шартнома ва меморандумлар имзолаш ниятида эканлигини билдиришди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, вилоят туризм бошқармаси нафақат меҳмонларга хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолмасдан Наманган аҳлининг бошқа манзиллар, хусусан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм шаҳарларига саёҳатини ташкил этиш борасида ҳам изчил иш олиб боряпти. Жорий йил бошидан буён икки миллиондан кўпроқ киши айни республикамиз шаҳарларига саёҳатга юборилди.