Намангандан  Ҳиндистонга ҳаво парвозларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда

Яқин истиқболда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳаво парвозлари ҳафтасига 28 мартага етказилади, деб хабар қилмоқда «Дунё».

2023 йил август ойида Тошкент ва Деҳли шаҳарлари ўртасида Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан ҳафтасига олти марта парвоз амалга оширилган эди.

Миллий авиакомпания ва мамлакатнинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан «Ўзбекистон-2030» стратегиясида 2030 йилга қадар юртимизга амалга оширилаётган халқаро авиақатновлари сонини тўрт баробарга ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Бунинг натижасида бугунги кунда икки мамлакат пойтахтларини Uzbekistan Airways ва IndiGo (Ҳиндистон) компаниялари томонидан йўлга қўйилган 14 та авиарейс боғлаб турибди.

Uzbekistan Airways жорий йил апрел ойида Мумбай шаҳри ва октябрь ойида Гоа штатига ҳафтасига икки мартадан янги парвозларни ўзлаштиргач, ҳафталик кўрсаткич 18 тага етди. Бу рақам сўнгги бир йил давомида икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар уч бараварга кўпайганидан далолат беради.

Жорий йил октябр ойида Куала-Лумпур (Малайзия) шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO)нинг ICAN-2024 тадбири доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон транспорт ва фуқаро авиацияси муассасалари вакиллари ўзаро парвозлар миқдорини ҳафтасига 28 тага етказиш бўйича келишувга эришди.

Янги парвозлар жуғрофияси Самарқанд, Бухоро, Наманган, Амритсар, Бангалор, Ҳайдаробод, Ченнай ва бошқа шаҳарларни қамраб олиши режалаштирилмоқда.

Авиапарвозлар кўламининг кенгайиши мамлакатимизга туризм оқимини фаоллашишига хизмат қилмоқда. Хусусан, 2023 йилда 2022 йилга нисбатан уч марта кўп ҳиндистонлик турист Ўзбекистонга ташриф буюриб, умумий кўрсаткич қарийб 50 минг нафарни ташкил қилди. Жорий йил январ-октябр ойларида эса 60 мингдан зиёд сайёҳ Ҳиндистондан мамлакатга сафар қилди.