Фойдали мева, фақат меъёрида. Бирданига кўп мандарин еса нима бўлади?

C витаминига бой мандаринлар иммунитетни мустаҳкамлаш, овқат ҳазм қилиш ва ёшаришга ёрдам беради. Бироқ уларни истеъмол қилиш ман этилган ҳолатлар мавжуд.

Мандарин қишда энг кўп истеъмол қилинадиган мева. Барча фойдали хусусиятларига қарамай, ушбу цитрус мевани меъёридан ортиқ истеъмол қилиш соғлик учун жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Россиялик нутрициолог Юлия Хлопава мандаринларнинг фойда ва зарарлари ҳақида илмий далилларга асосланган маълумотлар билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Kun.uz хабар беради.

Мандаринлар нимаси билан фойдали?

Мандарин витаминлар, минераллар ва антиоксидантларга бой мева ҳисобланади. Унинг фойдали хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

C витамини манбаи. Бу витамин иммунитетни қўллаб-қувватлайдиган, шамоллашга қарши курашишга ёрдам берадиган ва тери ҳолатини яхшилаб, уни ялтиратадиган хусусиятларга эга.

Антиоксидантлар. Мандаринлар таркибидаги флавоноидлар ва каротиноидлар организм ҳужайраларини оксидланиш стрессидан ҳимоя қилиб, қариш жараёнларини секинлаштиради.

Овқат ҳазм қилишни қўллаб-қувватлаш. Мандаринлар таркибида ичак саломатлигини сақлашга ёрдам берадиган ва қабзиятнинг олдини оладиган клетчатка мавжуд.

Фойдали микроэлементлар. Мандаринлар юрак, суяклар ва асаб тизими учун фойдали бўлган калий, магний ва кальцийга бой.

Калорияси паст. Ўртача бир дона мандарин тахминан 40-50 калория сақлайди, шу сабабли у вазнини назорат қилаётганлар учун айни муддао бўлади.

Соғлиққа зарар етказмаслик учун қанча мандарин ейиш керак?

Барча фойдали хусусиятларига қарамай, мандаринлар ҳам, бошқа ҳар қандай маҳсулот сингари, меъёрида истеъмол қилиниши лозим. Шифокорлар ва диетологлар салбий оқибатлардан сақланиш учун кунига 2-4 тадан ортиқ мандарин истеъмол қилмасликни тавсия этади.

Мандарин истеъмолини чеклаш нима учун муҳим?

Мева кислотаси. Мандаринлар таркибида кўп миқдорда кислота мавжуд бўлиб, улар меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда ошқозон шиллиқ қаватини шикастлаши, жиғилдон қайнаши ёки ноқулайлик ҳиссини келтириб чиқариши мумкин.

Шакар. Мандаринлар “енгил” мева ҳисобланса-да, улар таркибида табиий шакар мавжуд. Уни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш қондаги қанд миқдорига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, айниқса қандли диабетга чалинган одамларда.

Аллергия хавфи. Мандаринлар ва бошқа цитрус мевалар ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилинганда, баъзи одамларда аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин.

Бирданига кўп мандарин еса нима бўлади?

Мандаринлар жуда мазали бўлгани учун ундан тийилиш кўпинча қийин бўлади. Аммо бирданига кўп мандарин истеъмол қилишнинг салбий оқибатларидан огоҳ бўлиш лозим:

Ошқозон зарарланиши. Мандаринлардаги кислота жиғилдон қайнаши, ошқозон оғриши ва ҳатто қайт қилишга сабаб бўлиши мумкин.

Ич кетиши. Кўп миқдорда клетчатка ва мева кислоталари овқат ҳазм қилиш жараёнини бузиши мумкин.

Аллергик реакция. Ҳатто соғлом одамларда ҳам мандаринларни кўп истеъмол қилиш терида қичишиш ёки тошма пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Гипервитаминоз. Организмда C витамини ошиб кетиши камдан кам учрайди, бироқ мандаринларни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш шунга олиб келиши мумкин. Оқибатда бош оғриғи, кўнгил айниши ва уйқусизлик безовта қилади.

Мандаринлар кимларга мумкин эмас?

Аллергикларга. Агар цитрус меваларга аллергия бўлса, мандаринлар тери тошмалари, қичишиш ёки ҳатто шишни келтириб чиқариши мумкин.

Гастрит ёки ошқозонда яраси бор одамларга: мандарин таркибидаги кислоталар ушбу касалликлар аломатларини кучайтириши мумкин.

Диабетга чалинганларга. Қандли диабет билан оғриган одамлар мандарин ейиши мумкин, чекланган миқдорда. Бунда қон таркибидаги шакар миқдори назорат остида сақланиши лозим.

Буйрагида муаммоси борларга. Мандарин таркибидаги калий сурункали буйрак касалликлари билан оғриган одамлар учун зарарли бўлиши мумкин.

Мутахассис мандаринлар зараридан сақланиш учун уларни кам камдан, оралиқ танаффуслар билан ейишни, шунингдек, ёнғоқ ёки бошқа шакарсиз маҳсулотлар билан қўшиб истеъмол қилишни тавсия қилди.