Наманган давлат университети талабаси Муроджон РАҲМОНОВ:  «Инклюзив ҳаёт ва инклюзив таълим сифатини янада яхшилаш учун биз ташаббус кўрсатишимиз керак!»

Авваллари жисмида камчилиги бўлганларга имконияти чекланган инсон сифатида қаралар эди. Лекин бугун ҳаммаси бошқача. Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятда ўзларини, ўзлигини шундай намоён этмоқдаларки, уларнинг ташаббускорлиги ва фаоллиги соғлом инсонларнинг ҳам ҳавасини келтирмоқда. Улардан бири – Наманган давлат университетининг физика-математика факультети 3-босқич талабаси Муроджон Раҳмоновдир.

Муроджон 2003 йилда Чортоқ туманида туғилган. Кўриш қобилияти чеклангани сабабли 2-гуруҳ ногирони деб топилган. Бироқ бу унинг имкониятларини чеклай олмади, аксинча, орзу-мақсадлари сари дадил ва астойдил ҳаракат қилишга ундади. Косонсой туманидаги 45-сонли мактаб-интернатдаги таҳсилдан сўнг 2022 йилда Наманган давлат университети талабасига айланди.

У математикага қизиқади. Бу бежиз эмас. Бир эмас, икки бобоси Мўйдинбой ҳамда Нишонбой оталар – математика фани ўқитувчилари. Мактаб-интернатда ўрганганларини уларнинг қўшимча таълими туфайли мустаҳкамлаб, бойитиб борган.

Муроджон университетда бошқа тенгдошлари қаторида таълим олади. Унинг учун аудиторияларда ҳам, талабалар турар-жойида ҳам барча шарт-шароитлар яратилган. Брайль алифбосидаги адабиётлардан фойдаланади. Бироқ улар сони республика бўйича ҳам жуда камлиги сабабли у ўз олдига математика фани бўйича ўқув қўлланмаларини брайль алифбоси асосида яратишни ва инклюзив тарзда математика фанини ўқитиш мақсадини қўйган.

Қувонарлиси, иқтидорли бу талаба ўтган йили ташаббус билан чиқиб, Наманган давлат университетида ногиронлиги бўлган талаба-ёшлар ўртасида «Инклюзив волонтёрлик клуби»ни ташкил этди. Кейинчалик бундай клуб вилоятдаги бошқа олий таълим муассасаларида ҳам ташкил этилди. Бу ижтимоий клуб том маънода ногиронлиги бўлган ёшларни билим олишга, тафаккурини чархлашга, жамиятда ўз ўрнини топишга ундаб келмоқда.

Муроджон Раҳмонов – айни пайтда вилоятдаги «Инклюзив клуб» раҳбари. Бу клубнинг 500 га яқин аъзоси бор. Бу ижтимоий клубдаги интенсив курслар ёшларни нафақат ўз билимини оширишига, балки тикувчилик, пазандалик ва спорт тўгаракларида малака эгаллашига ва турли касб-ҳунар ўрганишларига кенг имконият яратиб бермоқда. Жорий ўқув йилида клубга аъзо 10 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Клуб фаолиятини янада кенгайтириш, водий вилоятларида ҳам унинг филиалларини ташкил этиш режалаштирилганини ҳам эътироф этиб ўтмоғимиз ўринли.

– Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар таҳлил қилиниб, 2025 йил учун устувор вазифалар белгилаб берилди, – дея ўз муносабатини билдирди Муроджон Раҳмонов. – Мазкур йиғилишда асосий эътибор ижтимоий ҳимоянинг янги тизимини жорий қилишга қаратилгани халқимизни ниҳоятда қувонтирди. Чунки бу тизим инсон қадрини юксалтиришга йўналтирилган бўлиб, уни амалга ошириш учун қатор ислоҳотлар режалаштирилди. Эндиликда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари қонун даражасида муҳофаза этилиб, ногиронлик даражасини аниқлашда янги ёндашув жорий этилади. Энди ногиронлик шахснинг касаллигига эмас, балки унинг мустақил ҳаракатланиш, мулоқот қилиш ва ижтимоий ҳаётда қатнашиш қобилиятига асосланади.

Шунингдек, ногирон шахслар учун касб-ҳунар ўрганиш, ишга жойлашиш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим яратилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит яратиш мақсадида бино ва иншоотларни қуришда махсус экспертиза жорий қилинади. «Инсон»  марказлари орқали электрон тарзда протез воситалари ва бошқа эҳтиёжлар таъминланади.

Ўз навбатида, васийлик ва ҳомийлик тизими ислоҳотида ҳам жиддий ўзгаришлар юз беради. Ҳокимликлар ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик комиссиялари тугатилади, уларнинг ваколатлари «Инсон» марказларига ўтказилади. Бу ислоҳот болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга қаратилган.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ихтисослаштирилган 4 та мактаб очилиб, улар саноат тармоқларига боғланиши, ходимларининг 50 фоизи ногиронлиги бўлган тадбиркорлик субъектларига давлат буюртмалари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти яратилиши ҳам бу борада ислоҳотларнинг инсон қадри учун йўналтирилганини кўрсатади.

Дарвоқе, қаҳрамонимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси «Инклюзив ҳаёт» ногиронлар жамоат бирлашмасининг Наманган вилоятидаги вакили, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси «Ёшлар қаноти» фаоли, «Ёш туризм элчилари» Наманган вилояти кенгаши Инклюзив менежери ҳамдир.

Бу каби эзгу ва тиғиз фаолият тартибига эга Муроджон Раҳмонов ўз олдига қўйган барча орзу-мақсадларига эришиши, шубҳасиз. Чунки унда шижоат, иштиёқ ва аниқ режалар бор. Энг муҳими, унинг учун юртимизда, хусусан, Наманган давлат университетида барча имкониятлар эшиклари очиқ!

Шаҳло ТОШБЕКОВА,
Наманган давлат университети «Пресс-клуб» бош мутахассиси.