Ҳамидулло Қосимов – Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндори!

Совриндорларимиздан бири

Ҳар бир жамиятнинг тақдири ва келажаги ёшлар олган таълим-тарбияга чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга, баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган.

Бу борада юртимиздаги олий таълим муассасалари талабалари учун Ўзбекистон  Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларининг жорий қилингани ҳар йили юзлаб иқтидорли, изланувчан ва умидли ёшларни кашф этилишига замин яратмоқда.

Бу йилги стипендиатлар орасида ўнлаб Наманган давлат университети талабалари ҳам бор ва улардан бири – Ҳамидулло Қосимов Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндори бўлди.

Ҳамидулло 1994 йилда Чортоқ туманида туғилган. Дастлаб тумандаги 33-умумий ўрта таълим мактабида, сўнгра Фарғона солиқ  коллежида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 2013 йилда Чортоқ тумани Давлат солиқ инспекцияси навбатчилик қисмида бошлаган. 2014-2019 йилларда Чортоқ тумани Давлат солиқ инспекцияси навбатчилик қисми навбатчи админстратори, 2019-2020 йилларда мазкур инспекциянинг компьютер системаси техниги ҳамда бошланғич ташкилот етакчиси,  2020-2021 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторида ишларни ташкил қилиш бўлими давлат солиқ катта инспектори, 2021 йилда тумандаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари сифатида иш фаолиятини олиб борган.

2021 йилда Наманган давлат университетининг юридик факультети “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналишига давлат гранти асосида имтиёзли асосда талабаликка қабул қилинди. Ҳозирда у 4-босқич талабаси.

Ҳамидулло – фаол ва ташаббускор, дунёқараши кенг, жамият ва давлат ҳаётига ўзини дахлдор ҳис этадиган ёшлардан бири. Унинг 2020-2022 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ҳузуридаги Ёшлар Парламенти волонтёрликни ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзоси бўлганлиги фикримиз далили бўла олади.

Шунингдек, Ҳамидулло Қосимов – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати аъзоси, «Универсе» ҳамда «Қуёш нури» эркин волонтёрлик ҳаракатларининг аъзосидир.

Шу кунгача унинг республика журналларида 5 та илмий мақоласи, республика илмий-амалий конференцияларида 15 дан зиёд илмий тезислари чоп этилган. 2021 йилда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 30 йил!” эсдалик нишони билан тақдирланган қаҳрамонимиз 2023 йилда Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибига айланди.

Якунланаётган 2024 йил эса унинг учун янада омадли кечди. У  “Йилнинг энг фаол тарғиботчи талабаси” номинацияси бўйича университет босқичида 2-ўринни эгаллади ва энг қувонарлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндори бўлди!

Ҳамидуллонинг интилишларига гувоҳ бўлар эканмиз, Президентимизнинг ёшларга қарата айтган ушбу сўзлари ёдимизга келади: “Ҳеч қачон унутманг, ғалаба ва бахт – астойдил интилганники! Сизларнинг ютуғингиз – бу бутун эл-юртимизнинг ютуғи. Халқимиз сизларга ишонади, сизларга таянади сизлардан куч-ғайрат, руҳ ва илҳом олади. Ўз олдингизга улуғ мақсадлар қўйиб яшашдан асло чарчаманг! Янги Ўзбекистонни албатта сизлар билан, бутун мамлакатимиз ёшлари билан бирга барпо этамиз!”

Ҳамидуллони юксак муваффақият билан табриклар эканмиз, келгусида унинг янада юксак марраларни забт этишига ишонамиз!

Санжарбек ҲАМИДОВ,
Наманган давлат университети «Пресс-клуб» раҳбари.