Ватан ҳимоясига ҳар биримиз масъулмиз

Табрикни ўқиб…

Яқинда эълон қилинган дунё армиялари рейтингида Ўзбекистон 145 та давлат орасида 58-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан 7 поғона юқорилади. Бу кўрсаткич Янги Ўзбекистоннинг миллий армияси сафида том маънода Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангубердиларнинг авлодлари эканини кўрсатмоқда. Бу эса ҳар биримизнинг қалбимизда фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Ватанимиз ҳар доим ўзининг мард, жасур йигитлари билан фахрланиб келган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида ҳам бу фикр алоҳида таъкидланади. Табрикни барча юртдошларимиз қатори биз педагоглар ҳам катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олдик.

Табрикда давлатимиз раҳбари томонидан бугунги кунда Қуролли кучлар тизимида амалга оширилган ислоҳотлар эътироф этилиб, келгусидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, ҳарбийларнинг юртга садоқати натижасида халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланаётгани, мудофаа салоҳиятининг мустаҳкамланаётгани, миллий армиянинг жанговар қобилияти юксалаётгани, Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бораётгани таъкидланди. Барча қўшин турларининг замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлангани, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бораётганлиги эса соҳадаги ислоҳотларнинг самарасидир.

Айниқса, табрикда Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган қаҳрамон ҳарбийларнинг сўнмас хотираси олдида ҳамиша ҳурмат бажо келтирилиши ҳамда ушбу мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида Ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига миннатдорлик билдирилгани ҳар бир инсонни тўлқинлантиради.

Айни пайтда мамлакатимизда халқ билан армиянинг тобора яқинлашгани, миллий армиямизнинг ёшларимиз учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланиб бораётгани, навқирон авлодимиз ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш кучайиб, минглаб йигит-қизларнинг Ватан ҳимоясига дадил бел боғлаётгани алоҳида таъкидланди.

Бугун дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бормоқда. Бу эса ҳар бир мамлакатдан Қуролли Кучлар тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни талаб қилади. Мазкур табрикда ҳам келгусида Қуролли Кучларимизни янги, модернизация қилинган ўт очиш тизимлари ва техника билан таъминлашни ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини, қўшинларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давом эттириш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқувчи-ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини кучайтириш, аскар ва офицерларнинг профессионал маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш устувор вазифалар бўлишига алоҳида урғу берилди.

Бу вазифаларни бажаришда эса барча юртдошларимизнинг фаол бўлишлари, халқ билан мулоқот ва маслаҳат асосида, унинг иштирокида амалга оширилган иш албатта қудратли ижобий кучга эга бўлиши айтиб ўтилди.

Бугунги кунда биз қайси соҳа ёки тармоқда, қандай лавозимда ишламайлик, барчамиз Ватан ҳимоясига масъулмиз. Буни даврнинг ўзи олдимизга қатъий талаб сифатида қўймоқда. Наманган давлат университети жамоаси ҳам ушбу талабни тўлиқ ҳис қилган ҳолда Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қилишади.

Дилноза МАҲМУДОВА,
Наманган давлат университети
математика кафедраси катта ўқитувчиси
.