Наманган давлат университетида таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлиги учун барча имкониятлар яратилади

Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов бугун ижтимоий фанлар факультет  ининг профессор ўқитувчилари ва талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот ўқув жараёнларининг бориши, ундаги янгиликлар, талабалар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида кечди.

Учрашув қувончли онлар билан бошланди. Ректор Собитхон Турғунов факультет ўқитувчиси, филология фанлари номзоди, доцент, араб тили ва адабиёти бўйича етук олим Муҳаммаджон Юсуповнинг қутлуғ 80 ёшга тўлиши муносабати билан табриклаб, устознинг Наманган давлат университетидаги кўп йиллик фаолияти, шогирдларга ибрати, босиб ўтган самарали ҳаёт йўли, малакали кадрлар етиштиришга қўшаётган улкан ҳиссасини мамнуният билан эътироф этди. Ўз навбатида, юбилярга тўн ва дўппи кийдирилди, эсдалик совғалари топширилди. Шогирдлар ҳам ўз табрикларини изҳор этдилар. Устоз бундай эътибор ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.

Наманган давлат университетида таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлиги учун барча имкониятлар яратилади

Шундан сўнг самимий мулоқот бошланди.

Аввало, таъкидлаш керакки, жорий ўқув йилида ижтимоий фанлар факультетида 610 нафар талаба таҳсил олмоқда. Тарих ва ижтимоий фанлар кафедрасида 1 нафар академик, 6 нафар профессор, 32 нафар фан номзодлари фаолият юритмоқда. 3 та таълим йўналиши –  тарих, социология ҳамда археология йўналишларида талабаларнинг илмий тадқиқот ишлари учун барча шароитлар яратилган.

Факультет қатор хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Айниқса, Қирғизистон Республикасидаги Манас университети ҳамда Ўзбек-Қирғиз университети билан амалий ҳамкорлик алоқалари тобора кучайиб бормоқда. Мазкур университетлар билан талабалар алмашинуви жорий қилинган, ҳар йили турли мавзуларда халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиб келинмоқда.

Наманган давлат университетида таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлиги учун барча имкониятлар яратилади

Бундан ташқари, факультетда иқтидорли талабалар вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган танлов ва мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этишмоқда. Биргина 2024 йилда 4 нафар талаба номдор давлат стипендиялари соҳибларига айланди.

Учрашувда ректор талабаларга сўнгги йилларда университетда амалга оширилган ишлар, бунёдкорлик лойиҳалари, янги ўқув бинолари ва лабораториялар барпо этилгани, илмий тадқиқотлар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, келгусида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

 

Хусусан, ўқитиш жараёнини такомиллаштириш, замонавий технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш, қўшимча тўгараклар ва спорт клублари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган режалар ҳақида сўз юритилиб, жорий йилда Янги Наманган туманида 7 қаватли янги замонавий инновацион факультет бунёд этилиб, бу йил фойдаланишга топширилиши, мавжуд факультетлар ҳам қайта реконструкция қилиниб, барчаси энг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланиши, қолаверса, янги услубдаги спорт иншоотларининг қуриб фойдаланишга топширилиши ҳам талабалар учун катта имкониятлар яратиши алоҳида таъкидланди.

Наманган давлат университетида таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлиги учун барча имкониятлар яратилади

Самимий ва очиқ мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, уларга атрофлича жавоб олдилар. Ректор талабалар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни тинглаб, уларга ўзининг ижобий муносабатини билдирди. Мурожаатлар ва таклифларни қисқа фурсатларда ҳал қилиш учун тегишли чора-тадбирлар кўрилишини, ҳар бир талабанинг университет ҳаётидаги фаол иштироки жуда муҳимлигини айтиб ўтди. Талаба-ёшларга ўз устида ишлаш, изланиш, имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлаб, бу йўлда муваффақият тилади.

Учрашув самимий руҳда ўтди. Бу каби мулоқотлар бошқа факультетларда ҳам бўлиб ўтади ва бу университет салоҳиятининг янада юксалиши, талабалар ва раҳбарият вакилларининг ўзаро яқин алоқада бўлишлари, муаммо ва таклифларнинг ўз ўрнида ечим топишида катта аҳамият касб этади.