Наманган давлат университети биотехнология факультетида бу йил катта ижобий ўзгаришлар йили бўлади

Бу ҳақда ректорнинг факультет профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида аниқ режалар тақдимот қилинди

Бугун Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов биотехнология факультетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув таълим сифатини янада ошириш, илмий изланишларни рағбатлантириш ва талабалар билан ўзаро фикр алмашиш мақсадида ташкил этилди.

Учрашувда ректор факультетнинг ривожланиш йўналишлари, мавжуд имкониятлар ва жорий йилда амалга ошириладиган режалар ҳақида батафсил сўз юритди. Илм-фан ва амалиётнинг узвий уйғунлигини таъминлаш, биотехнология соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда ёшлар фаоллигини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Наманган давлат университети биотехнология факультетида бу йил катта ижобий ўзгаришлар йили бўлади

Дарвоқе, жорий ўқув йилида биотехнология факультетида 1114 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улар орасида Ислом Каримов, Беруний ҳамда Мирзо Улуғбек номли давлат стипендияси соҳиблари ҳамда турли танлов ва мусобақалар ғолиблари кўпчиликни ташкил этади. Биология ва биотехнология кафедраларида 90 дан зиёд профессор-ўқитувчилар фаолият юритиб келмоқда. Факультетда кейинги йилларда «Мевачилик-сабзавотчилик ва узумчилик», «Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси», «Сув биоресурслари ва аквакультура», «Зооинженерия (балиқчилик соҳасида)» каби янги йўналишлар очилди. Бугунги кунда жами 11 та йўналиш бўлиб, факультет Беларуссия озиқ-овқат институти, Москва биотехнология институти, Хўжанд давлат университети ҳамда Хитойнинг Кумминг ботаника институти билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.

Наманган давлат университети биотехнология факультетида бу йил катта ижобий ўзгаришлар йили бўлади

Учрашувда профессор-ўқитувчилар томонидан факультетда олиб борилаётган илмий изланишлар, дарс жараёнларида инновацион ёндашувлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича маълумотлар тақдим этилди. Ўз навбатида, галдаги режа-мақсадларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида Хитойнинг Шинжон Экология ва география институти билан ҳамкорликда таълим жараёнларининг амалиёт билан бевосита интеграциясини таъминлаш мақсадида алкология, биотехнология ва микробиология, биокимё ва молекуляр биология, ботаника, зоология каби 8 та йўналишда ўқув ва илмий лабораторияларни ташкил этиш ишлари якунланади. Натижада таълим сифати ошибгина қолмасдан, балки «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва ресурслардан барқарор фойдаланиш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш, ўзгарувчан муҳитларга чидамли ўсимликларни биотехнологик усулларда кўпайтиришга йўналтирилган тадқиқотлар олиб бориш имкони ҳам яратилади. Шунингдек,  яқин вақт ичида лабораториялар қошида ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонлар коллекцияларини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Наманган давлат университети биотехнология факультетида бу йил катта ижобий ўзгаришлар йили бўлади

Шу каби аниқ режа-вазифалар баён этилган мулоқотда профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ҳам тингланди. Ректор талабаларни янада фаол бўлишга ундади, уларнинг ташаббуслари ҳар доим қўллаб-қувватланишини қайд этди.

Учрашув давомида ёш олимлар учун грант дастурлари, лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва талабаларни амалиёт билан яқиндан таништириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида 2024 йил давомида намунали иш ташкил этган бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларга «Ташаккурнома»лар топширилди. Бир қатор номдор стипендиялар соҳиблари ва фаол талабалар эса бир ойлик стипендия миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.

Наманган давлат университети биотехнология факультетида бу йил катта ижобий ўзгаришлар йили бўлади

Шунингдек,  бир гуруҳ талабаларга университет қошидаги «Тил маркази»да инглиз тилини бепул ўрганиш имконияти тақдим этилди.

Учрашув иштирокчиларга ниҳоятда манзур бўлди. Факультет жамоаси бу каби очиқ ва самимий мулоқотлар илмий ютуқлар ва таълим жараёнини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этдилар.