Ногиронлиги бўлган шахсларга катта имкониятлар яратилади

Фидойилар ҳақида ҳикоялар

Кўп инсонлар ҳаётига ўзгалар бежизга кириб келмайдилар. Кимдир кимнингдир ҳаётида ўзига хос йўлни бошлаб беради. Ҳамма нарсада ҳикмат бор, деб шунга айтсалар керак. Қаҳрамонимизнинг ҳаётида ҳам шу каби инсонлар ва воқеликлар кўп бўлган…

…1970 йилларнинг боши. Ёлғиз бувисига ҳамроҳ бўлиб яшаб келаётган Содиқжонларнинг хонадонида фарғоналик кимё-биология фанлари ўқитувчиси Маҳмуджон Ҳайдаров ижарачи сифатида яшай бошлади. Унинг ташрифи ҳали ўқувчи бўлган қаҳрамонимизда кимё ва биология фанларига қизиқишни уйғотди. Унинг назарида, фанлар ичида энг ажойиби шулар эди. Ўқиб-ўргангани сайин қизиқиши ортаверди. Шу пайтгача шуғулланиб келаётган энг севимли машғулоти – рубоб чалишдан ҳам қизиқроқ эди бу…

Мана шу мусофир муаллимнинг тўрт йил давомида мактаб ва ундан ташқаридаги сабоқлари унинг ҳаёт йўлини белгилаб берди. 1974 йилда ўрта мактаб тугаллаганлик тўғрисидаги аттестатини қўлига олгач, катта орзулар билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг кимё-биология факультетига ҳужжатларини топширди. Аммо унга талаба бўлиш бахти насиб этмади. Аммо у ўқишга кира олмай қишлоққа қайтишни ўзига ор деб билди. Келгуси йил ўқишга кириш мақсадида ҳам тайёрлов курсида ўқий бошлади, шу билан бирга заводда ҳам ишлай бошлади.

Ўша йили қиш жуда қаттиқ келди. Содиқжон шамоллаб қолди. Тошкент давлат тиббиёт институти (ТошМИ)нинг клиникасида ётиб даволанишига тўғри келди. Меҳрибон ота-онасини, бувисини, жигарларини соғинган йигитга докторларнинг меҳрибонлик кўрсатиши қаттиқ таъсир қилди. Оппоқ халат соҳибларининг юраги ҳам шунчалар пок эканига гувоҳ бўлди. Эътибор, ғамхўрлик, ширинсўзлар унинг кўнглини кўтариб юбориш баробарида янги орзуларни ҳам уйғотди. “Мен ҳам улар каби шифокор бўламан, беморлар дардига малҳам бўламан”, деган ниятни дилига жойлаб қўйди.

Институтга кириш учун астойдил тайёрланган Содиқжон 1975 йилда Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институти (САМПИ), ҳозирги Тошкент педиатрия институтига ўқишга қабул қилинди, яна энг юқори балл билан!

Ҳа, бугун олий тоифали врач-уролог, 150 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар, шунингдек, бир марказ тарихи, шифокорлар учун “Сепсиснинг замонавий ечимлари” мавзусидаги методик қўлланма, 2015 йилда яратилган Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизимида “Регоинализация ва маҳорат мактаби” китоблари муаллифи, “Соғлиқни сақлаш аълочиси” унвони соҳиби Содиқжон Абдуллаевнинг умр ва касбий фаолият йўли ана шундай бошланди.

  • Институтдаги таҳсил менга соҳанинг ниҳоятда чексиз билим манбаи ва изланишлар талаб этишини кўрсатди, – дейди Содиқжон Маҳмудович биз билан суҳбатда. – Устозларим ўз билим ва тажрибаларини беминнат ўргатдилар. Профессорлар Вали Алимов, Султан Долимов, Суннатилла Асомов, Рашод Аляви, Амин Сулейманов, Шаҳи Искакжанов, Жуманазар Бекназаровлардан бир умр миннатдорман. Улардан тиббиётнинг энг қимматли қирраларини ўргандим.

Устозларида келажаги ёруғ, умидли, изланувчан шогирд сифатида таассурот қолдирган Содиқжон Абдуллаев меҳнат фаолиятини уларнинг тавсиясига биноан институтда ўқиб юрган кезларидаёқ бошлади. Чунки шифокор учун билим билан бирга тажриба ҳам жуда муҳим ҳисобланади. 1978 йилдан тиббиёт институти клиникасининг 1-болалар бўлимида навбатчи врач бўлиб ишлай бошлаган бўлажак шифокор ўз навбатида, институт ўқув бўлими услубият ёрдамчиси, бадиий тўгарак раҳбари, талабалар ётоқхонаси маъсули вазифаларини ҳам сидқидиллик билан уддалади.

1981 йилда олий маълумотли мутахассис сифатида Наманганга қайтган Содиқжон Абдуллаев вилоят кўп соҳали болалар шифохонаси (ҳозирги Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази)нинг болалар жарроҳлиги бўлимида бир йиллик интернатурани ўтади. Бу ерда ҳам устозлари Акрам Алиназаров, Ҳасан Жумабаев, Воҳид Тошбаевлар этагини маҳкам тутди. Касб сирларини эринмай ўрганди. Шу йили бош врач Қаюм Умурзақов таклифи билан янги барпо этилган болалар урологияси бўлимида фаолиятини давом эттирди. Унинг келгусида тиббиётнинг айни шу соҳаси бўйича илмий изланишлар олиб боришида устози Латифжон Жўрабаевнинг меҳнати жуда катта бўлди.

  • Ўша пайтларда урология энди ривож топаётган соҳа эди, – дея хотирлайди йилларни қаҳрамонимиз. – Урология соҳасига чин юракдан меҳр қўйишимнинг сабаби ҳам шунда эди. Мазкур йўналиш мутахассиси сифатидаги ўрганишлар менга завқ берарди. Айниқса, 1984 йилда Қозоғистоннинг Алма-Ата шаҳрида, Россия Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, профессор А. Ю. Свидлер раҳбарлигида олти ой мобайнида урология йўналишида таҳсил олиб, ҳақиқий мутахассис бўлишга эришганим зиммамга масъулият юклаш баробарида соҳа ривожига ўзига хос ҳисса қўшиш мажбуриятини ҳам юклаган эди. Шу мақсадда дастлаб Наманган шаҳридаги 1-шахар поликлиникасида врач-уролог, сўнгра устозим Аҳмаджон Мамажанов тавсияси билан “ЎзЭлектроТерм” заводи қошидаги тиббий санитария қисмида уролог-врач сифатида ишлай бошладим. Оддий врач-ординаторликдан бўлим мудири ва бош шифокор ўринбосари, касаба уюшма қўмитаси раиси лавозимларигача бўлган йўлни босиб ўтдим.

С. Абдуллаев ўз билимини мунтазам ошириб бориш, янгиликларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш мақсадида 1987 йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги таниқли тиббиёт клиникасида, 1989 йилда Москва шаҳридаги Марказий врачлар малакасини ошириш институтида ўз малакасини оширди ва олий тоифали врач-уролог мақомига эга бўлди.

2008 йил 22 августда у фаолият олиб бораётган марказ Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига қўшиб юборилди ва у эндиликда мазкур шифохонанинг консультатив-диагностика бўлимида врач-уролог вазифасида, 2013 йилдан эса илмий ишлар бўйича бўлим мудири  сифатида иш олиб борди. 2021 йилдан буён эса марказда врач-статист бўлиб иш юритиб келмоқда.

Аҳоли саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган Содиқжон Маҳмудович шу кунгача ўнлаб халқаро ва республика миқёсидаги илмий-амалий конференцияларда ўз маърузалари ва илмий мақолалари билан қатнашиб келмоқда. Ҳозирга қадар Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг “Урология ва нефрология” кафедраси мудири, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бош урологи, профессор Асилбек Ғайбуллаев билан ҳамкорлик қилиб келади, улардан ўрганади, фикрларини улар билан бўлишиб, муаммоларга ечим топиш йўлларини қидирадилар. Соҳанинг дарҳалари бўлган марҳум устозлари – тиббиёт фанлари номзоди Ҳамид Отамуродов ва Абдуваҳоб Дадабоевлар қолдирган илмий меросни ниҳоятда қадрлайди.

  • Изланишларимиз зое кетмаяпти, – дея сўзида давом этади тажрибали шифокоримиз. – Аҳоли ўртасида тиббий профилактика ишларини тўғри олиб борилиши натижасида умумий касалланиш кўрсаткичи 2013 йилга нисбатан 2023 йилда 24,7 фоизгача камайди. Тиббий профилактика ишларининг бажарилиш салмоғи эса сўнгги ўн йилда 31 фоизгача оширилиб, 79 фоизга етказилди. Афсуски, ҳозирда ТОРЧ инфекцияси билан оғриган беморлар сони кескин кўпаймоқда. Бу инфекциянинг асоратлари бепуштликка, ногирон фарзандлар туғилишига, ҳомила тушиши, ҳомиладорликнинг оғир кечиши ва бошқа асоратларга сабаб бўлмоқда. Шундай инфекция билан сўнгги беш йил мобайнида менга 348 нафар бемор мурожат этди ва даволаниш натижасида 300 дан оилада соғлом фарзанд дунёга келди. Аёл ва эркакларда бепуштликни даволашнинг замонавий усулларини амалиётга татбиқ этиш билан бирга, бу усулларни шогирдларимга ўргатиб ҳам келмоқдаман.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишим керакки, аҳоли ўртасида, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизларни профилактик кўрикдан ўтказиш, бу кўрикни сифатли бўлишига алоҳида эътибор бераётганимиз ўзининг кутилган самарасини бермоқда. “Соғлом турмуш тарзини ташкил этиш”, “Соғлигимиз – ўз қўлимизда”, “Тиббий маданият”, “Соғлом овқатланиш” каби мавзулардаги суҳбатлардан фуқароларимиз керакли тушунча ва тавсияларни олмоқдалар. Бундан ташқари, доимий равишда тиббиёт ходимлари ўртасида малакали сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш, уларнинг касб маҳоратини ошириш мақсадида семинарлар ўтказяпмиз.

Бугун Ўзбекистонда тиббиётга қаратилаётган эътибор юксак даражага кўтарилди. Ислоҳотлар моҳиятини “Инсон қадри учун” деган тамойил ташкил этмоқда. Бу халқимиз қаторида биз шифокорларни ҳам янада кўпроқ шижоат ва масъулият билан меҳнат қилишга, янада юқори марраларни забт этишга ундайди.

Дарвоқе, Содиқжон Абдуллаев вилоятда биринчилардан бўлиб сийдик аъзолари яллиғланиш касаллигини ташхислаш ва даволашнинг энг замонавий усулларини Европа урологлар ассоциацияси тавсияларига асосан, замонавий классификация асосида амалиётга тадбиқ этган шифокордир. Соҳадаги 47 йиллик меҳнат фаолияти давомида ўндан зиёд малакали шогирдлар етиштирди. Улар нафақат Наманганда, балки турли вилоятлар, республикамиздаги нуфузли клиникаларда самарали хизмат қилмоқдалар.

Бугун 68 ёшни қарши олаётган Содиқжон Абдуллаев Наманган давлат университетининг тиббиёт факультетида ҳам талабаларга сабоқ бериб келяпти ва бу устознинг умидли шогирдлари сони янада ортишига хизмат қилаётир. Бу ҳақда устознинг ўзи шундай дейди:

  • 2023 йилдан бошлаб марказ бош шифокори Н. Отамирзаев тавсияси ҳамда университет тиббиёт факультетининг ўша пайтдаги декани А. Батошев таклифига биноан талабаларга “Ички касалликлари пропедевтикаси” фанидан дарс бера бошладим. Бу касб ўзига яраша мураккаб ва маъсулятли. Ҳар куни изланишдаман ва бу менга завқ беради, ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ундайди. Факультет декани Ғ. Р. Абдуллаев, У. У. Абдуллаев, М. Мирзаолимов, Х. Қирғизовалардан педагогик маҳорат ва ўқув-услубий меъёрий ҳужжатлар билан ишлашни ўргандим. Бу борада кафедра мудири Мирзоҳид Мирзаолимовдан жуда миннатдорман. У менга педагогликнинг барча сир-асрорларини менга эринмай ўргатяпти.

Тиббиёт факультетига ишга ўтишим ҳаётимга янада кўпроқ мазмун бағишлади, десам асло муболаға бўлмайди. Факультетда талабалар ва профессор-ўқитувчиларга яратилган шароитларга фақат ҳавас қилиш мумкин. Замонавий таъмирланган ўқув биноси, кенг ва ёруғ ўқув хоналари,  лабораториялар, клиник базаларда ташкил этилган аудиториялар, симуляцион хоналар ва уларни 1 миллиард сўм маблағдан ортиқ муляжлар билан жиҳозлангани ва энг асосийси, таълим сифати республикамиздаги бошқа тиббиёт институтлари билан бемалол рақоталаша олади. Буни факультетга ташриф буюрган қатор тиббиёт институтларининг олимлари ҳам эътироф этишмоқда.

Биргина мисол, факультетга яқинда ташриф буюрган Республика урология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ш. Т. Мухторов ҳам ижобий фикрларни таъкидлаб ўтди. Барча профессор-ўқитувчилар яратилган шарт-шароитларга жавобан, ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқдалар. Мен ўзим ишлаб турган тиббиёт марказида бош шифокор ҳамкорлигида 10 дан ортиқ аудиторияларни ташкил этдим. Бунда университет раҳбарияти ва факультет декани, кафедра мудирлари яқиндан ёрдам беришди. Ўз ўрнида талабаларга билим бериш қобилиятига эга марказнинг 15 дан ортиқ шифокорларига факультетда дарс беришни тавсия қилдим. Талабалар жарроҳлик йўналишидаги бўлимларда амалиёт жараёнларида иштирок этиб, ўзлари ҳам кичик жарроҳлик амалиётларини мустақил бажармоқдалар. Бир сўз билан айтганда, талабалар ҳозирданоқ тажриба тўплаб боришяпти.

Оила – инсоннинг камолот чўққиларини забт этишида қанотдир. Шу маънода Содиқжон Абдуллаевнинг оиласи юртимиздаги энг намунали ва зиёли бахт қўрғонларидан бири. Содиқжон ака турмуш ўртоғи Маъсуда опа билан 3 қиз ва 2 ўғилни тарбиялаб, вояга етказишди. Ҳозир улар 11 набиранинг бобо ва бувижонлари.

Маъсуда опа Абдуллаева – Наманган давлат университетининг педагогика кафедраси профессори, педагогика фанлари номзоди.  Зиёли хонадоннинг тўнғич қизи Нилуфархон эса университетнинг психология кафедраси ўқитувчи, психология фанлари доктори. Наргизахон – Наманган шаҳар болалар стоматология поликлиникаси ҳамшираси, Нигорахон –Тошкент шаҳридаги “Миллий гвардия” ходими, Дилмурод – Наманган давлат университети спорт факультети катта  ўқитувчиси, ҳозирда докторлик диссертацияси устида ишламоқда. Кенжа ўғил Муҳаммадкарим – врач-кардиолог, мустақил изланувчи. У НВКТТМда фаолият олиб бориш билан бирга “Импульс” хусусий тиббиёт институтида ички касалликлар фанидан дарс бермоқда.

Бу оиланинг келинлари ҳам зиёли, илм йўлидан боришяпти. Уларга қайнота ва қайнона қўлларидан келганча ёрдам беришяпти. Катта келин Нигорахон Муродиллаева ўтган йили Наманган давлат университетининг  рус филологияси бўйича магистратура босқичини якунлади. Кичик келин Ойгул Маҳмудова эса Фарғона давлат тиббиёт институти стоматология факультетининг 4-босқич талабаси.

Асли Уйчи туманининг Соку қишлоғида туғилиб-ўсган Содиқжон доктор бугун нафақат туманнинг, балки вилоятимизнинг таниқли шифокорларидан. Оддий деҳқон бўлган ота-онаси берган тарбияни оқлаб, эл хизматига камарбаста инсоннинг бугун ҳавас қилса арзигулик оила қўрғони бор. Олти фарзанднинг тўнғичи бўлганлиги сабабли укаларига намуна бўлди. Икки укаси у каби шифокорлик касбини танлашди. Бошқалари ҳам ўз севган касбларида ҳалол меҳнат қилишяпти.

Айтмоқчимизки, қаҳрамонимизнинг илмни эъзозлаши уни эҳтиромга сазовор этмоқда. Устоз, педагог ва шифокор Содиқжон акани таниганлар унинг одамийлиги, чин инсоний фазилатларга эга эканлигини таъкидлашади. Унинг инсонларга беминнат кўмаги, яхшиликларининг ҳаммасини санаб ўтишнинг иложи йўқ, бироқ  ўтган йиллар давомида бир неча боқувчисини йўқотган қарияларни “Саховат” уйларига жойлаштиришда амалий кўмак берганини айтиб ўтиш ўринли.

Мақоламизга нуқта қўяр эканмиз, ҳаётини илм билан безаётган устоз-шифокор Содиқжон Абдуллаевга узоқ умр, сидқидил меҳнатлари роҳатини кўриш саодатини тилаймиз. Зотан, саботга суянган инсон чин маънода саодатга муносибдир!

Шаҳло ТОШБЕКОВА,
Наманган давлат университети
“Пресс клуб” бош мутахассиси.