Дўстлик, самимийлик ва самарадорлик уйғун бўлган ташриф

Сўнгги икки кун мамлакатимиз ҳаётида, унинг барқарор ва тинчликсевар ташқи сиёсатида муҳим ўзгаришлар билан тарихда қоладиган бўлди. Жаҳон ҳамжамияти ва юртдошларимизнинг нигоҳи Малайзия ва Ўзбекистон Республикасининг дўстлик ришталарига қаратилди. Ушбу ташриф Ўзбекистон Президентининг Малайзияга сўнгги 20 йил ичидаги илк расмий ташрифи эканлиги билан ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.

Айниқса, мамлакатимиз Президенти  Шавкат Мирзиёевни юксак даражада кутиб олингани, хусусан ушбу жараёнда Малайзия парламенти Вакиллар палатаси спикери Жоҳари бин Абдулнинг шахсан иштирок этиши амалиётда илгари кузатилмаган воқеа сифатида баҳоланди. Бу эса ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига ва халқига юксак ҳурмат ва эҳтиром намунаси эканлигини кўрсатиб берди.

Ташриф чоғида Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари ва етакчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми ўтказилиши ҳар икки мамлакатнинг бу соҳалар ривожида янги босқични бошлаб берди.

Яна бир муҳим жиҳат. Ташриф давомида мамлакат етакчилари томонидан 2025-2026 йилларни Ўзбекистон – Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилишга келишиб олганликлари бугунги замонавий дунёда тараққиётга эришишда мақсадлар муштарак эканлигини яққол ифодаси бўлди.

Маълумки, ҳар икки мамлакат халқларини тарихий дўстлик алоқалари, бир-бирига яқин бўлган маданий қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар боғлаб туради. Давлат раҳбарларининг фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини таъкидлашлари, жорий йилда эса Ўзбекистон ва Малайзияда маданият ҳафталикларининг ўтказилиши белгилангани маданият соҳасидаги жозибадорликни янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Мазкур ташриф давомида имзоланган муҳим ҳужжатлар ҳар икки мамлакат учун манфаатли бўлиши табиий. Айниқса, олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимларни имзоланиши мамлакатлар ўртасида таълим, тиббиёт, маданият соҳаларини янада ривожланишида муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Биргина соғлиқни сақлаш соҳасидаги замонавий клиникалар қуриш, Малайзиянинг илғор тажрибаси асосида инновацион фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни белгилангани юртимиз аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатишда катта ўрин тутади.

Бир сўз билан айтганда Президент Ш.Мирзиёевнинг Малайзияга ташрифи  ҳар икки мамлакат ўртасида самимийликка асосланган дўстлик ва манфаатли самарадорликни яққол намоён этди.

Наримон ДЕҲҚОНОВ,
Наманган давлат университети профессори,
сиёсий фанлар доктори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати