Наманган давлат университети Педагогика кафедраси ташаббуси билан таълим тизимида муҳим ўрин тутадиган янги марказ — «ЛОГО МАРКАЗ» ташкил этилди. Ушбу марказнинг асосий мақсади – болаларнинг нутқ ривожланишида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг интеллектуал ва маънавий камолотини таъминлашга кўмаклашишдан иборат.
Нутқ нуқсонларини бартараф этиш, психик ва жисмоний ривожланишни қўллаб-қувватлаш, педагоглар ва ота-оналарга кўмак ва коррекцион машғулотлар ташкил этиш марказнинг асосий фаолият йўналиши ҳисобланади.
Яъни, бу жараёнда чекка ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотлари ва умум таълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларининг фанлар бўйича ўқув дастурларини ўзлаштиришларига тўсқинлик қилувчи нутқ нуқсонларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратилади. Болаларнинг жисмоний ва психик ривожланишидаги камчиликларни аниқлаш ва уларни коррекциялаш бўйича мутахассислар ёрдамида индивидуал ёндашув асосида иш олиб борилади.
Шунингдек, ўқувчиларнинг оғзаки нутқидаги нуқсонларни бартараф этишда, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камолотини таъминлашда педагоглар, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга амалий ва назарий ёрдам кўрсатилиб, мураккаб нутқ нуқсонига эга бўлган ҳамда жисмоний ва психик ривожланишида камчиликлари мавжуд ўқувчилар билан индивидуал ва гуруҳли коррекцион машғулотлар олиб борилади.
«ЛОГО МАРКАЗ»ни ташкил этишнинг аҳамиятли томони шундаки, у мактабгача ва мактаб таълими тизимида болаларнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган асосий омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади. Ушбу марказ орқали ўқувчилар ўзларининг нутқ салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имкониятига эга бўлишади. Бундан ташқари, ота-оналар ва педагоглар ҳам болаларнинг ривожланиши учун зарур бўлган кўникма ва билимларга эга бўлишади.
Бир сўз билан айтганда, «ЛОГО МАРКАЗ» фаолияти нафақат болаларнинг таълимдаги муваффақиятларини оширишга хизмат қилади, балки уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишларига ҳам замин яратади!