Коррупция – барқарор тараққиётга хавф

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Табиийки, ислоҳотларни амалга оширишда шаффофлик ва адолат тамойиллари устувор бўлиб ҳисобланади. Бироқ ушбу жараёнда айрим муаммолар борки, улар ислоҳотларни жорий этишда, ҳаётга тадбиқ этишда ўзига хос тўсиқ бўлаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда ҳам бу фикрлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Давлат раҳбари томонидан ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупция эканлиги, оқибатда жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани, бу ёвуз иллат халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказиши, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланиши алоҳида қайд этилди. Чиндан ҳам коррупция бор экан, давлат ва жамиятда тараққиёт ҳам, ривожланиш ҳам ортда қолиши шубҳасиз. Унинг иқтисодиётга келтираётган зарари миқдорини ўлчов билан келтириш мумкиндир, лекин халқ руҳиятига ва миллат маънавиятига олиб келадиган зарари ҳамда салбий жиҳатларини ўлчови йўқ назаримизда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда очиқлик сиёсати олиб борилаётганини нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам теран англаб, кўриб турибди. Бу эса эътироф этиладиган жиҳат, айни пайтда қатъий сиёсий ирода натижасидир. Авваллари кўп масалалар ёпиқ ва мавҳум эди. Натижада бугунги кунга келиб очиқлик бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 30-ўринга кўтарилди. Ушбу ҳолат жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистонга бўлган ишончини тобора мустаҳкамланиб боришига замин яратмоқда.

Биргина таълим тизимига эътибор берсак, коррупцион ҳолатларни олдини олиш учун тизимли ишлар амалга оширилди. Айниқса, аҳоли боласини мактаб ёки боғчага жойлаштиришда сарсон бўлиши, оқибатда муаммоларини “бошқа йўллар” билан ҳал қилишга тўғри келганлиги, ўтган даврда мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турларини тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани, натижада ушбу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайишига эришилди.

Ёки олий таълим соҳасини олайлик. Сўнгги йилларда олий таълим тизимида ҳам коррупцияни олдини олишга қаратилган амалий ишлар олиб борилди. Жумладан, йиғилишда бундан 7-8 йил аввал олийгоҳларга ўқишга киришда “таниш-билишчилик” авж олганлиги, соҳада рақамлаштириш жараёни жорий этилгани, имтиҳонларни онлайн трансляция бўлаётгани, аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш тизими амалиётга киритилгани таъкидланиб, бу мазкур соҳада коррупцион ҳолатларни кескин камайишига олиб келгани асосли тарзда кўрсатиб ўтилди. Олий таълим тизимида 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайганлигини тўлиқ ижобий ҳолат дейишимизга асос бор.

Бугун коррупцияга қарши курашиш барча фуқароларнинг бурчи, таъбир жоиз бўлса виждон ишига айланмоғи лозим. Буни Президент Ш.Мирзиёев “Барчамиз яхши тушунамиз, коррупцияга қарши кураш жараёни ҳеч қачон аниқ муддат билан чекланмайди. Ушбу масалада фақат давлатнинг саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бу – бутун жамиятимизнинг иши”, деган ҳақли сўзлари ҳам кўрсатиб турибди.

Йиғилишда давлат раҳбари томонидан коррупцияни олдини олиш, аввало, давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланиши қайд этилди. Кадрларни танлаш ва баҳолашда аввалги даврлардан қолган эски намунадаги “объективка”дан воз кечиб, илғор IT технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилиши белгиланди. Албатта, авваллари кадрларни танлашда унинг интеллектуал салоҳияти эмас, балки қоғоздаги маълумотлари, кадр тўғрисидаги сиртдан тўпланган ахборотларга қараб баҳо берилган. Энди бундай тизимдан воз кечилади. Кадрнинг салоҳияти, билими, тажрибаси, ҳалоллиги ва фидойилиги устувор кўрсаткичлар ҳисобланади. Бу эса коррупцияни олдини олишда муҳим мезонлардир.

Бугун ислоҳотлар амалга оширилар экан, унинг натижадорлиги аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқ. Бу ишда фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланиши шартлиги йиғилишда алоҳида айтиб ўтилди. Бунда мамлакатдаги умумтаълим мактаблари директорлари “Тарбия” фани доирасида ўқувчиларга ҳалоллик, бировни ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар билан бирга содда тилда тушунтириб боришлари ижобий натижа бериши шубҳасиз.

ШУ билан бирга мажлисда олий таълим муассасалари ректорларининг талаба ва ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйишлари зарурлигига алоҳида эътибор берилди.

Йиғилишда “коррупция – келажакка таҳдид” деган ғоя асосида Янги Ўзбекистон ёшлари қалбидан жой оладиган тизим яратилиши, коррупцияга қарши кураш – умуммиллий вазифа, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслигига чақирилди.

Ушбу йиғилиш мамлакатда коррупцияга қарши кураш борасида янги даврни бошлаб берди дейиш мумкин. Давлат раҳбарининг “Агар бу иллатга қарши курашда барчамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис, маҳалла фаоллари, нуронийлар,  зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак. Сизлар бу ҳақиқат ва талабни чуқур англаб, уларни амалга оширишда алоҳида жонбозлик кўрсатасиз, барчага намуна бўласиз, деб ишонаман”, деган сўзлари барчамизни жипслашишга, бирдам бўлишга ундайди.

Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети профессори,
сиёсий фанлар доктори, Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати