НамДУ олимларининг оналари эътирофда
Ўзбек оналарининг орзуси бир хил. Улар ўз бахтини болалари камолида кўради. Фарзанди соғ-омон улғайса, элнинг корига яраса, бахтли бўлса – оналарнинг нияти ушалгани шу.
Чуст туманининг Баймоқ маҳалласида истиқомат қилаётган Турғуной ая Деҳқонова ҳам ана шундай оналардан бири. У нафақат фарзандларига яхши тарбия берди, балки ўзининг меҳнаткашлиги, ҳалоллиги ҳамда ҳар бир ишга масъулият ва виждонан ёндашиши билан фарзандлари ва бошқаларга намуна бўлди. Бугун ҳам онахоннинг маҳалла-кўй олдида обрў ва эътибори жуда баланд. Турғуной аянинг Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас.
Дарвоқе, 2022 йилда Деҳқоновлар оиласи “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловида иштирок этиб, Наманган вилоятида фахрли 1-ўринни қўлган киритди.
Турғуной ая турмуш ўртоғи Бурхонжон ака билан бирга фарзандларини ҳам бугунги кунда ҳаётда ўз ўринларини топишларида жуда катта хизмат қилган. Фарзандлари илмли ва Ватанга садоқат руҳида тарбия кўрганлиги сабабли бугунги кунда мамлакатимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият олиб боришмоқда. Бунинг учун оилада барча шароит яратиб берилганини алоҳида қайд этиш ўринли.
Оиланинг катта ўғли Давронбек Деҳқонов Наманган давлат университети таълим сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи, биология фанлари доктори, профессор, бир неча халқаро грантлар совриндори, қатор дарслик ва ўқув қўлланмаларининг муаллифифир. У инглиз тилида докторлик ишини ҳимоя қилган. Кичик ўғил Наримон Деҳқонов Наманган давлат университети профессори, сиёсий фанлар доктори, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил” эсдалик нишони, “Халқаро Амир Темур” эсдалик нишони ва “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳиби. У жамиятнинг фаол аъзоси, эл ишончи боис Халқ депутатлари Наманган вилояти ва Наманган шаҳар кенгаши депутати этиб сайланган. Шунингдек, бир неча танловлар совриндори, дарслик ва ўқув қўлланмалари муаллифи ҳисобланади.
Турғуной ая нафақат ўз фарзандлари, балки келинлари ва набираларининг ҳам зиёли инсон сифатида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишлари йўлида жон куйдиради, уларга олтиндек қимматли ўгит-маслаҳатларини бериб борадилар. Хонадоннинг катта келини Наима Зайнобиддинова Наманган давлат педагогика институти доценти, фалсафа фанлари номзоди бўлса, кичик келини Дилноза Маҳмудова Наманган давлат университетининг олий математика кафедраси катта ўқитувчиси. У яқин кунларда фалсафа доктори диссертациясини ҳимоя қилиш арафасида.
Турғуной аянинг қизлари Дилбархон Деҳқонова Наманган давлат педагогика институти ходими, Лобархон Деҳқонова Чуст туманидаги 14-мактаб ўқитувчиси, Гавҳар Абдуллаева эса Наманган давлат университети талабасидир.
Набиралари Бобурмирзо – Наманган давлат университети талабаси, Кумушхон – инглиз тили бўйича халқаро сертификат соҳибаси, Азизбек – санъат соҳасида иқтидор эгаси, Дилнура – Президент мактаби ўқувчиси, Нозима ва Фарзона – математика, ментал арифметика ва инглиз тили бўйича турли танловлар ғолиблари.
Хулоса сифатида айтишимиз жоиз, донишмандлар бежиз оилани саодат маскани деб атамайдилар. Инсон камолотида тинч-тотув, меҳр-муҳаббатга тўлиқ оиланинг ўрни бениҳоя катта. Шу маънода Турғуной ая Деҳқонованинг том маънода пирубадавлат онахон деб атасак, асло муболаға бўлмайди.
Баҳор, янгиланиш, яшариш айёми муборак, дея аяга узоқ умр тилаймиз. Қалби эзгу ҳисларга тўла неваралар, эвараю чеваралар тарбиясида ҳечам толманг, толиқманг, онажон, деймиз!
Санжарбек ҲАМИДОВ,
Наманган давлат университети «Пресс клуб» раҳбари.