Ўзаро ҳурмат ва дўстликнинг олий намунаси

Сўнгги кунларда жаҳон ҳамжамияти ва юртдошларимизнинг диққат-эътибори Франция марказига қаратилди десак муболаға бўлмайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлган Францияга ташрифи том маънода ўзининг самарадорлиги билан ёдда қоладиган бўлди.

Маълумки, икки мамлакатлар ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга эга. Франция қироли Карл ВИ ва Амир Темур давридаги ўзаро савдо-сотиқ ва дўстона муносабатларга оид ёзишмалар бунга ёрқин мисол бўлади. Европанинг кўплаб давлатлари қатори Франция ҳам Соҳибқирон Амир Темурга юксак ҳурмат билан қарайди. Амир Темур Йилдирим Боязидни мағлуб этганидан сўнг, айнан франсузлар Амир Темурнинг олтиндан ҳайкалчасини қуйдириб, остига “Европа халоскорига” деб ёздиришади.

Бу мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик бугунги кунга келиб ўзининг янги тарихий даврини бошлади дейиш мумкин. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташрифи муҳим воқеликларга бой бўлди ва бу ҳар икки давлат ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади.

Айниқса, Франция Президенти Эммануел Макрон томонидан мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевга Франциянинг энг олий давлат мукофоти – «Фахрий легион» ордени топширилиши нафақат Ўзбекистон раҳбарига, балки халқимизга бўлган юксак эҳтиром натижаси эканлигини таъкидлаш лозим.

Ташриф давомида барчани диққат-эътиборини тортган яна бир жиҳат  Президент Эммануел Макрон ўзбек тилида сўзлади. Яъни Елисей саройидаги қабул маросимида Франция Президенти: “Яшасин Ўзбекистон! Яшасин Франсия! Яшасин Франсия-Ўзбекистон дўстлиги!”, деб фикр билдирди. Бу эса ўзбек миллатига ва ўзбек тилига чексиз ҳурмат белгиси бўлди.

Шу билан бирга Франция Президенти ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам ўзбек тилида ёзди. У ўзининг расмий саҳифасида “Францияга хуш келибсиз” дея Ўзбекистон Президентини олқишлаб хабар қолдирди ва “Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франсия!” – дея уни якунлади. Бу эса икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг нақадар самимий эканлигини кўрсатмоқда.

Мазкур ташриф ўзининг истиқболли натижалари билан аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон Франция билан 1992 йилдан бери дипломатик муносабатларни олиб бораётган бўлса-да, ушбу ташриф давомида ўз тарихида биринчи марта Франция билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатди. Шавкат Мирзиёев ва Эммануел Макроннинг ўзаро музокаралари якунида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарорга келинди. Ундаги қўшма лойиҳалар портфели 12 миллиард евродан зиёдни ташкил этишини таъкидлаш лозим.

Ташриф давомида барча соҳаларда самарали ҳамкорлик олиб бориш белгиланди. Жумладан, келгусидаги олий таълим соҳасида ҳам янги келишувларга эришилгани малакали кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Айни пайтда жаҳон рейтингида олий таълим соҳасида Франция олийгоҳлари етакчи ўринларда туриши барчага маълум. Бу борада Ўзбекистонда Франциянинг илк университетини очилиши эса барча ёшларни ва зиёлиларни бирдек қувонтирди.

Ташриф самарадорлигини яна бир жиҳати, Франция пойтахти Париж шаҳри кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилгани бўлди. Бу эса икки тарихий шаҳарлар ўртасидаги муштаракликни янада мустаҳкамлади.

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи мамлакатимиз тарихида, унинг тараққиётида муҳим аҳамиятга бой воқелик бўлиш билан бирга халқларимиз ўртасидаги тарихий дўстлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим рол ўйнади.

Наримон ДЕҲҚОНОВ,
Наманган давлат университети профессори,
сиёсий фанлар доктори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати