Халқаро миқёсда танилган биолог-олим

НамДУ олимлари

Экологик муаммолар бутун Ер юзи аҳолисини бир мақсад йўлида ҳаракат қилишга ундамоқда. Ҳар бир давлат экологияни асраб-авайлаш бўйича кўндаланг турган масалаларни самарали ҳал этишга киришмас ва бу борада ҳамкорликни йўлга қўймас экан, кутилган натижага эришиш мушкул. Бу жараёнда олимларнинг ҳам иштироки жуда муҳим.

Дарвоқе, мамлакатимизда ҳам бир неча йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жорий йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани эса мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни янги босқичга кўтарилишига замин яратмоқда.

Табиийки, республикамизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали экология йўналишида илмий-тадқиқот фаолиятини янада ривожлантириш ва таълим сифатини ошириш бугун ҳар бир олимнинг олдида турган устувор вазифага айланган.

Жумладан, Наманган давлат университети олимларидан бири, биология фанлари доктори Даврон Деҳқонов халқаро илмий лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича ўзига хос тажрибага эга. У ҳозиргача иккита фундаментал лойиҳага раҳбарлик қилган бўлса, 3 та халқаро ҳамда 2 та республика миқёсидаги илмий лойиҳаларда иштирок этган.

Биология фанлари доктори Даврон Деҳқонов 1982 йилда Чуст туманида туғилган. 2009 йилда Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. 2023 йилда академик Комилжон Тожибоев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти ҳузуридаги ихтисослашган илмий кенгашда ботаника ихтисослиги бўйича докторлик диссертацияси (DSc)ни ҳимоя қилган.

Даврон Деҳқонов ботаника соҳасидаги кўплаб хорижий ва маҳаллий илмий журналларда таҳрир ҳайъати аъзоси ва тақризчиси, шунингдек, бир неча      йирик халқаро лойиҳалар муаллифи ва иштирокчиси ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳамкорлигидаги “Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”и ҳолатини танқидий баҳолаш” ҳамда “Бухоро, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг истиқболли хом-ашёбоп ўсимликларининг давлат рўйхати ва кадастрини яратиш, ушбу вилоятларда жойлашган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг флора тур таркибини инвентаризация қилиш” мавзуларидаги лойиҳаларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Эътиборли томони шундаки, ёш олим томонидан “Mohamed bin Zayed Species Conservation Fund” фондига Наманган вилоятида тарқалган лола турларини муҳофаза қилиш бўйича халқаро лойиҳа ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Чангчунг вилоятида жойлашган Jilin университети билан ҳамкорликда энг замонавий, сунъий интеллект ёрдамида фаолият кўрсатадиган лабораторияларни ишга тушириш бўйича иккита халқаро лойиҳага ариза топширилган бўлса, улар орасидаги “Биохилма-хиллиги хавф остидаги ҳудуд сифатида Фарғона водийси флорасининг рақамли платформасини ишлаб чиқиш” мавзусидаги 1 млрд. сўм миқдоридаги молиявий ҳажмга эга бўлган илмий лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди. Маълумки, Хитойнинг Jilin университети ARWU халқаро рейтингида Топ-100 таликка кирган ОТМ ҳисобланади.

Айни пайтда қаҳрамонимиз Туркия ва италиялик олимлар билан ҳамкорликда ўсимлик ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг илмий асослари ҳамда инвазив ўсимликларнинг иқтисодиётга салбий таъсирини баҳолаш бўйича амалий лойиҳалар устида ишламоқда.  

Жорий 2025 йил олимнинг зиммасига катта масъулият юклаш баробарида интилишларига куч ҳам берди, десак асло муболаға бўлмайди. Унинг яқинда иккита илмий мақоласи “Scopus” ва “Web of Science” платформаларида индексланган журналларда эълон қилинди.

Мақолаларнинг бири “Beauty demands sacrifices: is it possible to overcome both climate change and anthropogenic impact for Pamir-Alay tulips (Liliaceae)?” деб номланган. Мазкур мақола Жанубий Кореянинг Миллий Арборетуми таъсисчилигида нашр этиладиган “Journal of Asia Pasific Biodiversity” илмий журналида нашр этилди. Мақолада Помир-Олой тоғ тизмаларида тарқалган Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган лола турларини турли иқлим ўзгариши сценарийларидаги популяцияларининг ҳолати ва уларни муҳофаза қилиш масалалари кенг ёритилган.

Иккинчи мақола эса нуфузли QS (Quacquarelli Symonds ) халқаро рейтингида ТОП-75 ўринни эгаллаган Швеция давлатининг Lund университети таъсисчилигида нашр этиладиган “Nordic Journal of Botany” илмий журналида чоп этилди. Мақола “Comparative chloroplast genome and phylogenetic analysis of Central Asian tulips” деб номланган ва у Марказий Осиёда тарқалган лола турларини таксономияси ва филогениясини молекуяр даражада тадқиқ этишга бағишланган. Бу тадқиқот замонавийлиги ва таҳлилларга бой эканлиги билан олимларнинг эътиборини тортмоқда.

Шунингдек, Даврон Деҳқоновнинг инглиз тилидаги “Revisiting to ancient destination: The genus Tulipa L. in the flora of Uzbekistan” ҳамда “Contemporary investigations of Tulipa (Liliaceae) from the center of diversity” номли икки монографияси чоп этилиш арафасида. Олимнинг инглиз тилини мукаммал билиши унинг халқаро ҳамкорлик доирасидаги қизғин фаолиятида ва илмий изланишлари муваффақиятида қўл келмоқда.

Биз фаолияти ҳақида сўз юритаётган олим Ўзбекистон Фанлар Академияси Ботаника институтининг “Plant Diversity of Central Asia”, хорижда чоп этиладиган “Community and Ecology” илмий журналларида таҳрир ҳайъати аъзосидир. Ботаника соҳасидаги кўплаб хорижий ва маҳаллий илмий журналларда таҳрир ҳайъати аъзоси ва тақризчиси сифатида иштирок этиб келмоқда.

Даврон Деҳқонов Италия, Туркия, Малайзия, Хитой, Россия, Белорус Республикаларида илмий стажировкаларни ўтаган. 2022 йилда Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё лолаларини йўқолиб кетаётган ўсимликларнинг қизил рўйхатига киритиш ва минтақавий муҳофаза стратегиясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги семинарда иштирок этди. Унинг Марказий Осиёда тарқалган 62 та ва Ўзбекистонда тарқалган 24 та лола турлари табиатни муҳофаза қилиш халқаро ташкилотининг йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларнинг қизил рўйхатига киритилишида ҳиссаси катта бўлди. Бу олимнинг Халқаро Табиатни муҳофаза қилиш, Турларни Муҳофаза қилиш комиссияси ташкилотлари қошидаги “Ёввойи лолаларни муҳофаза қилиш бўйича махсус халқаро гуруҳ аъзолигига бежиз қабул қилинмаганини кўрсатади.

Олимнинг халқаро ҳамкорлик доирасидаги фаолияти фақат шулардан иборат эмас. У 2021 йилда Хитой Халқ Республикаси Фанлар Академияси Шинжон Экология ва География институти томонидан ташкил этилган “Biodiversity Conservation and Sustainable Development in Arid Lands” халқаро симпозиумида, 2023 йилда эса Хитойдаги яна бир институт – Кунминг Ботаника институти томонидан ташкил этилган “The Frontiers of Plant Diversity Conservation Research in the Pan-third Pole Region” номли биринчи халқаро симпозиумида қатнашди.

Худди шу йили Андижон давлат университети, Туркиянинг Эге университети ва Озарбайжоннинг Боку давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган “Евроосиё биохилма-хиллигини сақлаш: замонавий муаммолар, ечимлар ва истиқболлар” мавзусидаги I-Халқаро конференцияда секция раҳбари сифатида иштирок этди.

2024 йилда ҳам халқаро ҳамкорлик изчиллик билан давом этди. Даврон Деҳқонов Хитойдаги Шеннонгжиа Ўрмончилик ҳудуди томонидан ташкил этилган “Eco-security System for All People Along the Belt and Road” номли халқаро конгрессда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти томонидан ташкил этилган “The Frontiers of Plant Diversity Conservation Research in the Pan-third Pole Region” номли иккинчи халқаро симпозиумида иштирок этди.  Шу йили Наманган давлат университетида ўтказилган “Марказий Осиёда биологик хилма-хилликни сақлаш: муаммолар, ечимлар ва истиқболлари” мавзусидаги 1-Халқаро илмий-амалий конференцияда масъул муҳаррир сифатида фаолият кўрсатган Дарвон Деҳқонов мавзу доирасида ўз тадқиқотлари ҳақидаги хулосаларини минтақадаги олимлар билан ўртоқлашди.

Заҳматкаш олим талабчан ва жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларни илмий-тадқиқотлар сари руҳлантирмоқда. Бугунги кунда у 7 нафар изланувчига илмий раҳбарлик қиляпти. Улардан бири – Темур Асатуллоев ҳозирда Хитойнинг Куминг Ботаника институтида илмий стажировка ўтамоқда.

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, биология фани фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун фундаментал ва технологик асос бўлиб хизмат қилади. Шу маънода биология фанлари доктори Даврон Деҳқоновнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматларини эса, келгусида янада юксак натижаларга эришишига ишонган ҳолда, эътироф этдик.

Шаҳло ТОШБЕКОВА, журналист.