Наманганда транспорт тизимини такомиллаштириш бўйича Хитой тажрибаси ўрганилмоқда

Наманган шаҳрида шаҳар транспорти ва йўл ҳаракати тизимини замонавийлаштириш борасида Хитой тажрибасидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев Хитойнинг транспорт соҳасида етакчи ташкилотларидан бири — «Jiangxi Tonglian» шаҳар ва транспорт институти катта муҳандиси, фан доктори Хие Зҳиқуан бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Учрашувда меҳмонлар Хитойда амалга оширилаётган «Jining» иттифоқи дастури ҳақида маълумот беришди. Мазкур дастур транспорт тизимларини лойиҳалаш, дастурий таъминот, қурилиш, бошқарув, хизмат кўрсатиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларни ўз ичига олади.

Мутахассислар Наманганда қўлланиши мумкин бўлган лойиҳалар юзасидан тақдимот ўтказишди. Шаҳар ҳокими тақдим этилган лойиҳаларни юқори баҳолаб, уларни амалиётга жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Келишувларга кўра, бу ташаббуслар Наманган техника институти мутахассислари ишлаб чиқаётган режалар билан уйғунлаштирилади.

Ушбу ҳамкорлик транспорт тизимини халқаро тажриба асосида ривожлантириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.