Мен ўзбекистонда туризм ривожи учун овоз бераман!

Бугунги глобаллашув жараёнида туризм соҳаси жаҳондаги энг тез ривожланаётган тармоқлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, туризм нафақат мамлакатга катта миқдорда хорижий валюта оқимини таъминлайди, балки янги иш ўринларини яратиш, инфратузилмани яхшилаш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда мамлакат имижини оширишда ҳам муҳим рол ўйнайди. Ҳатто айрим давлатлар иқтисодиётининг асосий таянчи айнан туризм ҳисобланади.

Туризм соҳаси кўп қиррали ва кенг қамровли бўлиб, анъанавий саёҳат йўналишларидан ташқари қуйидаги тармоқларни ҳам ўз ичига олади: этнотуризм, гастрономик туризм, тиббий ва соғломлаштириш туризми, экстремал туризм, маданий-тарихий йўналиш, зиёрат туризми, қишки туризм, шунингдек, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ агротуризм. Бу йўналишларнинг ҳар бири мамлакатнинг ўзига хос табиий ресурслари, маданий мероси ва тарихий обидаларига асосланган ҳолда ривожланмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳам туризм соҳасини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида туризм инфратузилмаси сезиларли даражада кенгаймоқда, хорижий сайёҳлар учун виза тартиботлари соддалаштирилди, кўплаб давлатлар билан визасиз режим жорий этилди. Бу эса мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқимини кескин ошишига олиб келди.

Куни кеча  Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йилда хориждан 15 миллион турист жалб қилиш, экспорт ҳажмини 4 миллиард АҚШ долларига етказиш, 635 та меҳмонхона ва меҳмон уйи фойдаланишга топшириш ҳамда 50 мингта янги иш ўрни яратиш масалалари муҳокама қилинди. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизда туризм соҳасининг жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради.

Шунингдек, ҳудудларда туризм салоҳиятини ошириш, ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманнинг ўзига хос имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу эса маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, янги хизмат турларини жорий этиш орқали иқтисодий ўсишга хизмат қилмоқда.

Мен, бўлажак туризм мутахассиси сифатида, юртимизда бу соҳанинг жадал суръатлар билан ривожланаётганидан чексиз мамнунман. Туризм – бу фақатгина саёҳат эмас, бу маданиятлараро мулоқот, тинчлик ва ҳамкорлик гарови, халқимизнинг бой тарихи, меҳмондўстлиги ва миллий қадриятларини бутун дунёга намоён этувчи муҳим воситадир. Шундай экан, ушбу соҳанинг ривожига ўз ҳиссамизни қўшиш барчамизнинг шарафли бурчимиздир.

Санжарбек МУСУЛМОНҚУЛОВ,
Наманган давлат университети талабаси.