Юртимизда ёшлар спорти ривожига берилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Айниқса, техник ва амалий спорт турлари бўйича эришилаётган ютуқлар юртимиз номини муносиб тарзда юксакларга кўтармоқда. Шундай истеъдодли ёшларимиздан бири — наманганлик спортчи Салиҳ Хайруллаев бўлиб, у илк бор картинг спорти бўйича олий таълим муассасасига имтиҳонсиз кириш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика миқёсидаги мусобақаларда совриндор бўлган ўқувчилар олий таълимга тест синовларисиз қабул қилинади. Айнан шу имкониятдан Наманган вилоятининг Давлатобод туманида яшовчи Салиҳ Хайруллаев ҳам муваффақиятли фойдаланади.
Салиҳ Хайруллаев 2008 йилда туғилган. 2017 йилдан бошлаб «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги техник ва амалий спорт турлари марказида картинг спорти билан шуғуллана бошлаган. Унинг илк устозларидан бири тажрибали мураббий Андрей Максимов ҳисобланади. Салиҳ 8 йил мобайнида картинг сир-асрорларини пухта эгаллаб, турли мусобақаларда юқори натижаларга эришиб келмоқда.
Спортчининг оиласида ҳам техник спортга қизиқиш катта. Отаси Аликай Хайруллаев ҳам 2013 йилдан буён автоспорт билан шуғулланади. Салиҳ эса ўз иқтидорини «Микро», «Мини», «Супер мини», «Кадед», «КФ» синфларида намоён этган.
Унинг спорт соҳасидаги фаолияти сермазмун ва бой. Ҳар йили вилоят ва республика миқёсидаги чемпионатларда, биринчилик ва кубок мусобақаларида иштирок этиб, доимий равишда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Яқинда, жорий йилнинг 4–6 апрел кунлари Наманган вилояти Учқўрғон туманида ўтказилган Ёшлар ўртасидаги картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпионатида Салиҳ Хайруллаев яна бир бор рақибларидан ўз устунлигини исботлади. Мусобақа натижаларига кўра, у Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди ва шу орқали олий таълим муассасасига тест синовларисиз ўқишга кириш йўлланмасини олди.
Салиҳнинг ушбу ютуғи нафақат унинг ўзига, балки бутун Наманган ёшлари учун намунадир. Унинг муваффақиятлари ва қўлга киритаётган имкониятлари спортга меҳр ва интилиш бор жойда албатта, ғалаба бўлишининг ёрқин исботидир!
Санжарбек ҲАМИДОВ.