Наманганда иқтидорли ёшлар ўртасида чемпионат бўлиб ўтди

Наманганда «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашига қарашли Ўқув-спорт техника клуби ҳузуридаги ўқ отиш мажмуасида «Пневматик қуролдан ўқ отиш» бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Мазкур мусобақа ёшлар ўртасида бўлиб ўтиб, унда турли ҳудудлардан келган иқтидорли спортчилар иштирок этдилар.

Чемпионат якунларига кўра, Тошкент вилояти жамоаси 1-ўринни, Наманган вилояти жамоаси 2-ўринни, Фарғона вилояти жамоаси эса 3-ўринни эгаллади. Ғолиблар «Ватанпарвар»
ташкилотининг диплом, медал ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда «Ватанпарвар» ташкилоти раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этиб, ёш спортчиларга ўз табрикларини билдирдилар.

Ушбу чемпионат орқали янги чемпионлар сафи кенгайиб, Олимпия йўлида ишончли қадамлар ташланмоқда.