Наманганда 13 мингдан ортиқ ўқитувчи аттестация тест синовларидан ўтказилмоқда

Бугун Наманган шаҳридаги 15-мактабда рус тили ва география фанлари бўйича фаолият юритаётган 600 нафар ўқитувчи аттестация имтиҳонларини топширмоқда. Бу тест синовлари педагогларнинг малака тоифасини аниқлаш ва ошириш мақсадида ташкил этилган.

Умуман олганда, вилоят бўйлаб 13 892 нафар педагог малака тест синовларида иштирок этмоқда. Уларнинг 8013 нафари олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлиш, 4597 нафари эса мутахассис тоифасидан иккинчи малака тоифасига ўтиш истагини билдирган.

Тест синовлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган хоналарда, реал вақт режимида ва онлайн тарзда ўтказилмоқда. Жараён тўлиқ кузатув камералари орқали назорат қилиниб, видео ёзувлар сақлаб борилмоқда.

Аттестация доирасида педагогларга мутахассислик фани ва касб стандартларига асосланган 40 та тест топшириғи ҳамда педагогик маҳоратни аниқлашга қаратилган 10 та топшириқ берилади.

Натижалар QR-код билан тасдиқланган электрон шаклда ҳар бир ўқитувчининг шахсий кабинетига юборилади.