Наманганда  «Талаба, югур!» кўнгиллилар спорт мусобақаси бўлиб ўтди

Наманган шаҳрида талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган «Талаба, югур!» кўнгиллилар спорт мусобақаси ўтказилди.унда вилоятдаги мавжуд олий таълим муассасалари талабалари фаол иштирок этишди. Тадбирда Наманган давлат университетининг талабалари қаторида профессор-ўқитувчилар ҳам фаол иштирок этишди.

Мазкур спорт мусобақаси ёшлар ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, уларни соғлом ҳаёт тарзига жалб этиш, спорт орқали дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мусобақа давомида талабалар нафақат ўзларининг жисмоний салоҳиятини синовдан ўтказишди, балки бир жамоа бўлиб ҳаракат қилиш, спорт маданиятини чуқур англаш борасида ҳам кўникмаларга эга бўлишди.

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у енгил атлетика спорт турининг – хусусан, югуришнинг – ёшлар орасида оммалашувига хизмат қилмоқда. «Талаба, югур!» мусобақаси спортнинг нафақат соғломлик, балки бирлашув ва дўстлик каби ижтимоий-руҳий аҳамиятини очиб берди.

Маълумот учун, югуриш мусобақалари йил давомида икки мавсумда ўтказилади: «баҳорги» (март-май) ва «кузги» (октябрь-ноябрь). Тадбирлар Ўзбекистон енгил атлетика Федерациясининг расмий «Югур» (yugur.uz) электрон платформаси орқали ташкил этилади ва натижалар ҳам шу тизимда юритилади. Бу эса спорт жараёнларини замонавий технологиялар асосида бошқаришга хизмат қилмоқда.

Бундай ташаббуслар ёшларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда спортга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Муниса АБДУВАЛИЕВА НамДУ талбаси.