Наманганда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган «Гуллар фестивали» билан нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Шу боисдан ушбу фестивални глобал ахборот майдонида кенг тарғиб этиш борасида янги босқич бошлаб берилди.
Наманган давлат университети матбуот котиби Комилхўжа Отавалихўжаев ташаббуси билан 63-Халқаро «Гуллар фестивали»га оид фото ва видеоматериаллар илк бор халқаро очиқ медиа платформаси — «Wikimedia Commons» омборига юкланганди. Маълумот учун, «Wikimedia Commons» — бу бутун дунё фойдаланувчилари учун бепул очиқ бўлган тасвир, видео ва бошқа медиафайллар жамланмасидир. У Wikimedia жамғармасининг асосий лойиҳаларидан бири ҳисобланади.
Аввалги йилларда «Гуллар фестивали»га оид медиафайллар ушбу платформада мавжуд эмас эди. Эндиликда эса ушбу ташаббус орқали Наманганнинг бетакрор манзаралари, фестивалдаги гўзал лаҳзалар ва маданий анъаналар дунё миқёсида кенг ёритилишига кенг имконият яратилди.
2024-йилда ўтказилган 63-Халқаро «Гуллар фестивали»га оид барча асосий медиафайллар юклаб жойлаштирилди. Айни вақтда эса 2025 йилда бўлиб ўтадиган 64-Халқаро фестивалга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ушбу йилги фестивал ҳам ўз қамрови ва мазмун-моҳияти жиҳатидан янада бойитилиб, «Wikimedia Commons» платформасига мунтазам равишда медиафайллар жойлаб борилиши режалаштирилган.
Бу ташаббус Ўзбекистоннинг, хусусан, Наманган вилоятининг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, очиқ ахборот платформалари орқали миллий қадриятларимизни дунёга танитишда янги имкониятлар эшигини очади.