Наманганнинг икки юлдузи Осиёни ёритти!

Осиё футбол майдонларида яна бир тарихий саҳифа ёзилди. Ўзбекистон U-17 терма жамоаси 2025-йилги U-17 Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритди. Финал баҳсида кучли рақиб — Саудия Арабистони терма жамоасига қарши майдонга тушган ёш вакилларимиз 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритишди.

Мазкур йирик ғалабада Наманган вилоятининг икки иқтидорли футболчиси – Мўминхон Баходиров ва Ҳожиакбар Ботиралиевнинг ҳиссаси алоҳида эътирофга лойиқ.

Мўминхон Баходиров Исохон ўғли – 2008-йилда Наманган вилояти Косонсой туманида туғилган. Футболга илк қадамларини Шодмонхон Маматов қўл остида ташлаган. У Одил Аҳмедов номидаги футбол академиясининг етук тарбияланувчиси бўлиб, ҳозирда мамлакатимизнинг энг нуфузли клубларидан бири – «Пахтакор» жамоаси сафида тўп сурмоқда. Мўминхон ўйиндаги фаол ҳаракатлари, тезлиги ва аниқ паслари билан мухлислар эътирофига сазовор бўлди.

Ҳожиакбар Ботиралиев Ҳайрулло ўғли – 2008-йилда Наманган вилояти Норин туманида таваллуд топган. У илк футбол сабоқларини Муҳаммаджон Нуриддинов ва Дилмурод Мамадалиев қўл остида олган. Ҳозирда «Наманган ФА» жамоаси аъзоси ҳисобланади. Ҳожиакбар турнир давомида жамоа ўйинига барқарорлик ва ишонч бағишлаб, мураббийлар ишончини оқлади.

Бу ютуқ нафақат Ўзбекистон футболи, балки бутун ёшлар спортининг ривожланишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади. Ёш футболчиларимизга бундан кейин ҳам улкан зафарлар тилаймиз. Уларнинг муваффақиятлари келажак авлодларга катта илҳом бағишлаши шубҳасиз.

Ўзбекистон — янги чемпион!