Наманган давлат университети ва Миллий гвардия ўртасида камондан отиш спортини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди

Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов ҳамда Миллий гвардиянинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси, Ўзбекистон Камондан отиш федерацияси Наманган вилояти бўлими раҳбари Абдунаби Ғофуров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Собитхон Турғунов университетда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, талабалар эришаётган ютуқлар ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллиги борасида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида, Абдунаби Ғофуров Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камондан отиш спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Олимпия ва Паралимпия ҳаракатларини кенгайтириш, оммавий спортни ривожлантириш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди. У Наманган давлат университети, Миллий гвардия вилоят бошқармаси ва Камондан отиш федерацияси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашувда университет талабалари ўртасида камондан отиш спорт турини ривожлантириш, бу йўналишга қизиққан иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, жисмоний соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган аниқ дастурларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар учрашув якунида илгари сурилган таклифларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Ушбу келишув доирасида университетда камондан отиш бўйича мусобақалар ташкил этилиши ва бу борадаги ишлар кенг кўламда давом эттирилиши назарда тутилган.