Ҳар гулда ризқ бор: гулчи Раҳматилло Усмановнинг муваффақият сирлари

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида жойлашган «Ровут» МФЙ аҳолиси оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик орқали ўз ҳаётини фаровон қилмоқда. Айниқса, маҳаллада яшовчи Раҳматилло Усмановнинг меҳнати бунга ёрқин мисолдир.

Раҳматилло Усманов — учинчи авлод гулчи. У ота-боболари бошлаб берган гул етиштириш анъанасини замонавий ёндашувлар билан давом эттириб, ўз хонадонидаги иссиқхонада бугунги кунда 50 дан ортиқ турдаги гулларни парваришламоқда. Иссиқхона 6 сотих майдонда жойлашган бўлиб, оила аъзолари билан бирга қўшнилар ҳам бу ерда доимий иш билан таъминланган.

Ҳар гулда ризқ бор: гулчи Раҳматилло Усмановнинг муваффақият сирлари

Ушбу гулхона йилига 100 миллион сўмдан ортиқ даромад келтирмоқда. Раҳматилло ака бу билан тўхтаб қолмади — у яқинда яна 4 сотихлик иссиқхона ташкил қилди. Бу эса маҳаллада яна 20 та янги иш ўрни яратилишига сабаб бўлди.

— Меҳнат қилган одам ҳеч қачон қийналмайди. Гуллар билан ишлаш сабр-тоқат, меҳр ва доимий эътибор талаб қилади. Ҳар бир гул — биз учун ризқ, — дейди Раҳматилло Усманов.

Санжарбек ҲАМИДОВ.