Янгиқўрғон туманининг кириш қисмида жойлашган «Баркамол» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳозирги кунда 4 711 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Маҳаллада 795 та хонадон ва 1 287 та оила рўйхатга олинган бўлиб, аҳоли асосан кичик тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланади.
Сўнгги йилларда мазкур маҳаллада аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, маҳалла аҳолиси ташаббуси билан шакллантирилган «Ташаббусли бюджет» танловида ғолиблик қўлга киритилиб, ушбу маблағлар ҳисобига 6 километр асфальт йўл қурилди.
Бундан ташқари, давлат дастури доирасида яна қўшимча 1,5 километр йўл асфальтланди. Ушбу йўлларнинг барпо этилиши натижасида ички йўллар ҳолати яхшиланиб, транспорт ҳаракати учун қулай ва хавфсиз шароит яратилди.
Шунингдек,«OPEK» фонди кўмагида 8 километр ичимлик суви тармоғи янгиланди. Натижада маҳалладаги 600 та хонадон доимий ва сифатли ичимлик суви билан таъминланди. Бу лойиҳа аҳолининг кўп йиллардан буён мавжуд бўлган муаммоси ҳал қилинишига хизмат қилди.
Маҳаллада ҳозирги кунда Жаҳон банки кўмагида умумий қиймати 9 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида 13 километр автомобил йўли асфалтлаш, 12 дона трансформатор янгилаш, 500 дона симёғоч устунлар ўрнатиш, 20 километр электр узатиш тармоқлари замонавий симлар билан янгилаш каби ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа ижроси ҳудудда электр энергияси таъминоти барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Тошпўлатовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда амалга оширилган лойиҳалар «Баркамол» маҳалласи аҳолисининг яшаш шароитларини сезиларли даражада яхшилади. «Асосий мақсадимиз – аҳолига қулай муҳит яратиш, замонавий инфратузилма билан таъминлаш ва фаровон турмуш тарзига эришишдир. Бугунги кунда маҳалламиз туманда эмас, балки бутун вилоятда намунавий маҳалла сифатида эътироф этилмоқда», дейди йиғин раиси ўз сўзи ниҳоясида.
Санжарбек ҲАМИДОВ.