Бугун Наманганда 2025 йилги 64-анъанавий «Гуллар фестивали» тантанали тарзда бошланди. Ҳар йили май ойида ўтказиладиган ушбу халқаро даражадаги тадбир бу йил ўз миқёси, мазмуни ва жозибаси билан аввалгиларидан фарқ қилмоқда.
Фестивал доирасида 300 мингдан ортиқ хорижий, 8 миллионга яқин маҳаллий сайёҳларнинг ташрифи кутилмоқда. Вилоят бўйлаб туризм инфратузилмаси тўлиқ сафарбар этилган: 30 дан ортиқ меҳмонхона, 500 дан зиёд уй-меҳмонхоналар сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.Наманган бу йил 100 миллион дона гул кўчатлари билан батамом гулларга бурканди. Мингга яқин гул композициялари, ландшафт дизайнлари ва инсталляциялар шаҳарга бетакрор кўрк бағишлаб, уни ҳақиқий реал гул-галереясига айлантирди.
Фестивалда 100 дан ортиқ халқаро блогерлар ва туроператорлар, 5 минг нафардан ортиқ гулчи, ҳунарманд ва тадбиркорлар иштирок этмоқда. «Эко-гуллар», «Ландшафт дизайни», «Ёш гулчилар» каби янги йўналишлар кенг жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Бу йўналишлар ўзида экология, санъат ва ижоднинг ўзаро уйғунлигини ифодалайди.
Фестивал дастури доирасида:
– Чодак ва Нанай туризм қишлоқлари,
– Чуст ҳунармандчилик марказлари,
– Намангандаги “Ўн бир Аҳмад” маскани,
– Тўрақўрғондаги Исъҳоқхон Ибрат музейи,
– Ахсикентдаги тарихий ёдгорликлар,
– Косонсой, Норин ва чегарадош ҳудудлардаги табиат гўшаларига экскурциялар ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари:
– халқаро илмий анжуманлар,
– ҳунармандлар ва ошпазлар фестивали,
– мода кўргазмалари,
– спорт мусобақалари,
– жаҳон эстрадаси юлдузлари иштирокидаги концерт дастурлари – фестивалга ўзгача шукуҳ бағишламоқда.
Энг эътиборлиси, фестивал доирасида вилоятнинг умумий савдо ва хизматлар айланмаси 8,1 триллион сўмга етказилиши ҳамда туристик хизматлар экспорти 150 миллион АҚШ долларидан ошиши режалаштирилган.
Дарвоқе, Наманган бугун нафақат гуллар шаҳри, балки халқаро маданий ва иқтисодий ҳамкорлик майдонига айланган. Фестивалнинг ҳар бир онида шаҳар табассум, илҳом ва гулларга тўла олам аро яшамоқда.