Бир мозор сирлари: ғишткўрикдаги унутилган тарих очиқланди

Менинг болалигим Ғишткўприк даҳасида, собиқ «Баҳор» маҳалласидаги Уйчи кўчасида ўтган. Ота ҳовлимиз Меъмор кўчасидаги эски масжид ва мозор жойлашган деворлар билан уланиб кетган эди.

Эшитишимча бу жойда бир улуғ зот авлодларигина яшаб ўтишган. Улар илм-маърифатли, касб-корли, бой-бадавлат бўлишган. Ота-онам, бобом ва бувимга кўп саволлар берардим: «Бу мозор кимники?» Жавоб ҳам қисқа бўларди: «Улуғ зотники». Бошқа савол-жавоблар ортиқча эди. Мозорчанинг пахса  деворидаги туйнукчадан мўралар эдим. Катта қабр кўриниб турар эди. Унинг ичи сирли, синоатли, жозибали эди.  

           – Наманган марказидаги «Ғишткўприк» маҳалласи, авваллари кўпчилик учун оддий ҳунармандлар маскани сифатида танилган эди. Тўғриси, маҳалла қадим-қадимдан ҳунармандчилик – тикувчилик ва этикдўзлик  касбли кишилари билан машҳур бўлган. Аҳолининг аксарияти ҳалол меҳнат қилиб кун кечирган. Маҳалла яқинидан ўтувчи Намангансой эса бу ҳудудга нафақат сув, балки тарихий сирлар оқимини ҳам олиб келган дейиш мумкин. Аммо бу ерда яшаганлар ҳам, бошқалар ҳам маҳалладаги   қадимий масжид, мозор ва бу масжидни бунёд этган авлод ҳақидаги ҳақиқатлар ҳақида аниқ маълумотга эга эмас эдилар. Аммо, йиллар ўтгач, бу ҳудуддаги масжид, мозор ва Меъмор кўчасида яшаб ўтган улуғ зотлар  авлодлари тарихи ҳақида кутилмаган ҳақиқатлар очилди. Манбашунос – журналист ва публицист Раҳимжон Ирисов олиб борган изланишлар натижасида, бу ерда яшаб ўтган аллома – Абдуллоҳхўжа эшоннинг ҳаёти ва унинг илмий мероси, авлодларининг қисмати тўғрисида бутунлай янги тарихий саҳифалар очилди. Ҳамкасбимиз томонидан олиб борилган изланишлар натижасида бу тарихий сирдан пардалар кўтарилди.

Аслида, бу мозор Абдуллоҳхўжа эшонга тегишли бўлиб, у киши ўз даврининг илм-фан соҳиби, йирик дин арбоби бўлган.  Бу зот Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг авлодларидан эканлар.  Шу боис маҳалладаги қадимий масжид ҳам айнан у кишининг ташаббуси ва маблағи билан бунёд этилган. Эшоннинг кейинги авлодлари орасида ҳам илм аҳли, ҳам савдогар, ҳам ҳунармандлар кўп бўлган. Жумладан,  ўғли Улуғхўжа эшон ҳам кароматли зотлардан эди. Маъруфхўжанинг фарзанди Нақшбандий тариқатининг Намангандаги иршод бошлиғи бўлган. Саидиномхўжанинг ўғли Саидазимхўжа қуръон хофизи бўлиш билан бирга, йирик савдогор ҳам бўлган. У Наманганга биринчи бўлиб қанд фабрикасини қурган. Шунингдек, адабиёт ҳомийси сифатида Сўфизоданинг маслакдош дўсти, Рафиқ Мўмин оиласининг  таъминотчиси ҳам  эди.  Бу ҳолат шу  жиҳатдан ушбу  маҳалланинг бугунги ижтимоий кўринишини ҳам изоҳлайди.

Тарихий ҳақиқатларни очишда муҳим рол ўйнаган инсон Рўзиохун Саидазимовдир. У Абдуллоҳхўжа эшоннинг чевараси бўлиб, ўз аждодларининг тарихини тиклаш йўлида Раҳимжон Ирисов билан ҳамкорликда катта ишларни амалга оширди. Натижада «Зулматдан зиёга» номли тарихий-публицистик очерклар китоби дунё юзини кўрди. Бу асар нафақат бир оила, балки бутун бир ҳудуд, шунингдек, халқимиз тарихининг маълум бўшлиғини тўлдирувчи ноёб манба бўлди.

Китобда нафақат Абдуллоҳхўжа эшон, балки Шўро замонидаги диний-маърифий ҳамда йирик тадбиркорларга қарши  таъқиблар, миллий қадриятларнинг йўқолиш хавфи, авлодларнинг четга сургун қилиниши каби оғриқли, аммо муҳим тарихий ҳақиқатлар  ёритилган. Шу билан бирга, бугунги кунда Намангандаги  «Зарбдор» маҳалласида барпо этилаётган замонавий, кўркам масжиднинг қурилиш сабаблари ҳам ушбу тарих билан чамбарчас боғлиқ экани очиқланади. Китоб  бу шунчаки иш эмас. Бу – ўтмиш билан бугунни боғлайдиган кўприк. Халқимизнинг асл «илдиз»лари, ойдинлари, унутилган буюк сиймолари ва ўзликни англаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. «Ғишткўрик»даги масжид ва мозор атрофидаги тарих энди ёлғиз бир маҳалланинг эмас, балки юқорида таъкидлаганимиздай бутун Наманган ва Ўзбекистон тарихининг ажралмас бўлагига айланди.

Мен бу китобни кўзимда ёш билан ўқидим. Ҳар бир саҳифа, ҳар бир сатр қалбимнинг энг нозик торларини чертди. Бу – оддий бир оиланинг эмас, бутун миллатнинг ўтмиши эканини қалбдан хис этдим. Бир сўз билан айтганда бу китоб халқимизнинг унутилган, аммо ҳеч қачон ўлмайдиган тарихий саҳифасидир. Китоб тарихлараро занжирни узвий акс эттирган, аммо ҳали тугамаган садодир. У яна Наманганнинг турли ҳудудларида, тор кўчалардаги қадимий хонадонларда, ҳали-ҳануз гапирилмаган яширин хотираларда давом этади. Эҳтимол, яна бир тирик гувоҳ, бир кун топиладиган ҳужжат, бир эски дафтар бу тарихга яна нур олиб кириши мумкин. Демакки, бу йўлда қалами билан тарихни жонлантираётган тарихчи журналистлар, виждони билан ҳақиқатни излаётган авлодлар бор экан,  зулмат мутлақ ҳукмрон бўла олмайди.

«Зулматдан зиёга» – фақат ўтмишни ҳикоя қилувчи асар эмас. Бу  келажакни шакллантирадиган маънавий қўлланма, миллатнинг ўзлигини англаш сари ташланган дадил қадамдир. Шу боис, ҳар бир ўқувчи бу китоб орқали ўтмишни қайта кашф этибгина қолмай, ўз бурчини ҳам англайди: ўз тарихини билиш ва келажакка шараф билан қадам қўйишни ўйлайди. Бу китобни ҳар бир ўзбек фарзанди ўқиши, ундан сабоқ олиши ва фахрланиши лозим. Чунки ўтмишни билмаган – келажакка дадил қадам қўя олмайди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.