Инсон юксакликка интилса, бу йўлда фақат илмга суянмоғи керак. Илмга бўлган меҳр изланишга ундайди. Изланишлар эса кашфиётлар сари руҳлантиради, инсонни. Албатта, муваффақиятлар замирида меҳнат ва машаққат ётади. Бундан чўчимаган инсон илмда тобора кенгроқ уфқларни забт этиб бораверади…
Наманган давлат университети Биология кафедраси доценти Юлдузхон Тўхтабоева – юртимизнинг интилишларига ҳавас қилса арзигулик ёш олималаридан бири.
Юлдузхон – мустақиллик билан тенгдош. У 1991 йил 28 августда Чортоқ туманида туғилган. Зиёли оилада камол топди ва мактабни аъло баҳоларга тугаллади. 2015 йилда Наманган давлат университетининг бакалавр босқичини, 2017 йил эса Биология (Ўсимликлар физиологияси) ихтисослиги бўйича магистратура босқичини тамомлади.
Шу тариқа шижоати баланд ёш тадқиқотчи салмоқли илмий ютуқларга эриша борди. Меҳнат фаолиятини 2018 йилда Наманган давлат университети Биология кафедраси ўқитувчиси сифатида бошлади. Шу билан бирга ЎзРФА Ботаника институти мустақил изланувчи сифатида ҳам иш олиб борди. 2019 йилда Ботаника ихтисослиги бўйича “Фарғона водийси асосий тип тупроқлари алгофлораси” мавзусидаги диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Бу изланишлар асосида биринчи марта Фарғона водийси тупроқ цианобактериялари ва микросувўтларининг тоза штаммлари ажратиб олинди ва Бутун Россия Микроорганизмлар коллекцияси фондига қўшилишга, Биология кафедраси қошида ташкилланган профессор Шаробиддин Тожибоев номли «Алгология» лабораторияси фонди бойитилишига муваффақ бўлинди.
2022-2024 йилларда Биология кафедраси докторанти бўлган қаҳрамонимиз ҳозир 34 ёшда, бироқ шу ёшда у фан доктори илмий даражасига эга бўлди!
Хўш, унинг докторлик иши қандай мавзуда эди? Юлдуз Тўхтабоева шу пайтгача чуқур ўрганилмаган ва ўрганилиши зарур бўлган мавзуни ўрганди. Яъни, у Фарғона водийси қурғоқчил минтақаларидаги эрозияланган тупроқларда сианобактериялар ва микросувўтларнинг таксономик хилма-хиллигини илк бор комплекс тарзда ўрганди. Тадқиқотда уларнинг биотехнологик имкониятлари, шунингдек, тупроқ муҳофазаси ва табиий қайта тикланиш жараёнларидаги роли ижобий натижалар билан изоҳланди. Бу жараёнда классик морфологик усуллар билан бир қаторда молекуляр-генетик ёндашувлардан ҳам фойдаланилди. Бу эса алгофлора таркибида фанга янги бўлган айрим турларни аниқлаш имконини берди. Натижада Фарғона водийсининг сианобактериялар ва микросувўтларнинг замонавий таксономик таркиби шакллантирилди.
Докторлик иши диссертациясида белгиланган илмий вазифалар қўлланилган материаллар ва методлар асосида тўлиқ ёритилди ҳамда натижалар кенг таҳлил қилинди. Сианобактериялар ва микросувўтларнинг хилма-хиллигини ўрганишда маданий (културал) ва метагеномик усуллардан комплекс фойдаланиш алгологик тадқиқотларда самарали ёндашув сифатида ўзини оқлади.
Натижада Юлдуз Тўхтабоева Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги Илмий кенгаш мажлисида ўз илмий диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Унинг илмий изланишларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти директори, академик Комилжон Тожибоев раҳбарлик қилди.
Академик Комилжон Тожибоев нафақат юртимизда, балки бутун дунё илмий ҳамжамиятида тан олинган олимлардан бири. Бугунгача юздан ортиқ ёш тадқиқотчилар бевосита унинг раҳбарлигида илмий изланишлар олиб борган ва олиб бормоқдалар. Академикнинг шогирдлари бугун нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг нуфузли илмий марказларида ҳам фаолият юритиб, халқаро миқёсда Ўзбекистон илм-фанини муносиб тарзда танитмоқда. Бу эса Комилжон Тожибоев яратган илмий мактабнинг самарали фаолиятидан далолат беради. Шогирдлар сафида Юлдузхон Тўхтабоеванинг борлиги барчамиз учун катта шараф ва ифтихордир.

Юлдузхоннинг илмий муваффақияти ҳақида академик Комилжон Тожибоевнинг ўзи шундай дейди:
– Фарғона водийси Марказий Осиёдаги аҳолиси энг зич бўлган ҳудудлар қаторига киради ва айни пайтда биологик хилма-хилликнинг энг қайноқ маркази ҳам ҳисобланади. Охирги ўн-ўн беш йиллар давомида Марказий Осиёда ўсимликлар ва умуртқали ҳайвонлар хилма-хиллигини ўрганиш бўйича жуда катта ютуқларга эришилди. Бироқ Фарғона водийсини алоҳида табиий географик ҳудуд сифатида ўрганишга, унинг биохилма-хиллигини баҳолашга ҳалақит бераётган ҳолат – бу сув ўтларининг ўрганилмаганлиги эди. Айниқса, тупроқ сув ўтларининг ўрганилмаганлиги жуда катта бўшлиқни юзага келтираётган эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти Наманган давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Биз тупроқ сув ўтлари, айниқса, эрозияга учраган тупроқ сув ўтларининг таркибини ўрганиш, бунга биотехнология методларини қўллаш, замонавий молекуляр филогения методларини қўллаш масаласини кўтардик. Тадқиқотчи сифатида университет профессори Шарофиддин Тожибоев энг иқтидорли шогирдларидан бири Юлдузхонни тавсия этди. Менда аввалига бу қиз уддалай олармикан, деган иккиланиш бўлган. Чунки моддий техника базаси йўқ, Фанлар академиясидаги альгология мактаби анча қариган. Лекин биз кутмаган, жуда яхши натижага эриша олдик. Юлдузхон ўз билими, ҳаракати, интилиши билан 34 ёшида фан доктори илмий даражасига эга бўлди. Илмий кенгаш аъзолари унинг классик ва замонавий методлар, амалий жиҳатдан муҳим бўлган методларга бой илмий ишини юқори баҳоладилар.
Дарҳақиқат, бу борадаги илмий изланишлар фақатгина Наманган давлат университетидагина олиб борилгани йўқ. Тадқиқотлар Россия Фанлар академиясининг Пушино Биологик тадқиқотлар маркази ҳамда Темирзаев номидаги Ўсимликлар физиологияси институти билан ҳамкорликда олиб борилди. Олинган натижалар алгология йўналишида таксономик ҳамда биотехнологик потенсиал бўйича муҳим янгилик бўлиб, нуфузли илмий журналларда чоп этилди.
Эътироф этилганидек, ҳимоя жараёнида Илмий кенгаш йиғилиши иштирокчилари томонидан мавзу ва тадқиқот ишлари қизғин муҳокама қилинди. Ва сўнгги хулосаларга биноан, Юлдузхон Тўхтабоева «Фарғона водийси эрозияланган тупроқлари сианобактериялари ва микросувўтларининг таксономик хилма-хиллиги ва биотехнологик потенсиали» мавзусида Ботаника ихтисослиги бўйича биология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилди.
– Олиб борган илмий тадқиқотлар натижасида алгология соҳаси ривожи учун муҳим бўлган маълумотлар ва хулосалар қўлга киритилди, – дейди биология фанлари доктори Юлдузхон Тўхтабоева. – Бу натижалар ва ютуқлар бизни, ёш олимларни янада кўпроқ изланишга, дунё олимлари даражасига етишга ундайди. Фан доктори илмий даражасига эга бўлишимда илмий тадқиқотлар жараёнида мени қўллаб-қувватлаб турган университет раҳбариятига, устозларимга, Ўзбекистон Фанлар академиясига ва оиламга чексиз миннатдорлигимни билдираман.
Ҳа, ҳар бир фаннинг очилмаган қирралари ҳали жуда кўп. Хусусан, Юлдузхон қўл урган йўналишда ҳали татқиқ қилиниши керак бўлган жиҳатлар талайгина. Шижоатли, қатъиятли, илмга меҳри баланд қаҳрамонимизнинг эса келгусида фанга янада қимматли кашфиётлари билан муносиб ҳисса қўшишига, шубҳа йўқ.
Зотан, маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний айтганидек: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”. Шу маънода Юлдуз Тўхтабоева каби олималаримиз сафи янада кенгаяверсин. Зотан, улар – Ватанимиз келажагида, илм-фан тараққиётида катта кучдирлар!
Санжарбек ҲАМИДОВ.