1 Октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Яратилмишлар орасида энг улуғи саналган инсонга руҳ, туйғу ва ҳислар берилган. Улардан бири – ҳурмат. Бу туйғу, не бахтки, халқимиз томонидан қадрият даражасига кўтарилган. Ота-онага, ёши кексаларга, жон-жигар, қон-қариндошларга, дўст-биродарларга ҳурмат кўрсатамиз ва бу ўртадаги меҳр-оқибат ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Яна бир инсон – устозга ҳам ҳурмат кўрсатамизки, бу бизнинг икки дунёдаги мақомимизни юксалтиради.
Дарҳақиқат, миллат бугуни ва эртаси, жамиятдаги фаровонлик ва адолат тамойиллари устозлар меҳнати ва заҳматига боғлиқ. Шу маънода Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқ”, дея устозлар зиммасида жуда буюк масъулият турганини эътироф этади. Бугунги шиддатли глобаллашув даврида эса бу масъулият ҳисси ва вазифалар салмоғи юз чандон ортди десак, асло муболаға бўлмайди.
Биз устозларга энг юксак даражада ҳурмат бажо келтирадиган миллат фарзандимиз. Аждодларимиз устозларга ҳурмат кўрсатиш борасида ҳамиша бизга ибрат бўлишган. Устозларнинг нафақат қаршисида, балки улар йўқлигида ҳам уларга эҳтиром кўрсатиш инсонийлик ва шогирдликнинг энг бебаҳо фазилати ҳисобланган. Қуйидаги ривоят фикримиз далилидир.
Саҳл Тустарий бир куни Тустар шаҳрида ўтирган эди, оёқларини узатди ва орқасини деворга қўйди.
Айтдилар:
– Эй Саҳл, сен ҳаргиз мундоқ қилмас эрдинг?
Айтди:
– Менинг устозим шу вақтгача тирик эди. Энди дунёдин ўтди, шогирдга устози тирик вақтида оёқ узатиш раво эмасди. Оёқ узатиш устозга нисбатан густоҳлик бўлар эди.
Бу гапни эшитгач, ҳамма таажжуб қилдилар. У куннинг тарихини ёздилар, сўнг таҳқиқ эттилар, дарвоқе устози ўша куни вафот этган экан…
Яна бир ҳикоятда келтирилишича, Имом Бухорий бир муддат Маккаи Мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда имом Бухорий зиёратчининг устозлари юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар…
Демакки, илм олишдан ташқари илм бериш машаққатини ҳам тотган қадрли устозларимизни улуғлашга, уларнинг ҳурматини жойига қўйишга, хизматларини адо этишга бурчлимиз. Устозни оғринтирган, рози қилмаган, дуосини олмаган шогирдларнинг минг карра илмли ва маҳоратли бўлмасин, ишида унум, топганида барака ва эл ўртасида обрў топмаганига ҳаётнинг ўзи гувоҳ.
Устоз ким? Илмдан бир ҳарф, касбдан бир усулни ўргатган ҳам устоздир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек яхши кўрувчи, ўзи қилган хатоларни унда такрорланмаслигини хоҳловчи, шогирдини ўзидан ҳам яхшироқ инсон, касб-кор эгаси бўлиши учун беминнат ранж чекувчи зотдир. Устозлар – чин маънода хазина, бебаҳо неъмат, ҳақиқий маънода бойлик, жамият меъморлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шогирдларини дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллайди. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларига бешикдан қабргача илм излашни буюрганлар. Чунки илм руҳнинг озуқаси. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади.
Устозларга эҳтиром кўрсатиш умумий тушунча эмас. Устоз кўзига тик боқмаслик, хизматига тайёр туриш, исмини айтиб чақирмаслик, фикр билдириш учун изн сўрамоқлик, ўгит ва сўзларига қатъий амал қилмоқлик, йўқлаб туриш, дуоларини олиш, уларга меҳр кўрсатиш – устозга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг оддий кўринишлари. Чунки устознинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя кўп. Аллоҳ илм қадрини қанчалар баланд қилган бўлса, илм ато этадиган устозларни ҳам шу қадар юксак қилиб қўйди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлса-ю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Мамлакатимизда ҳар йили 1 октябрь – “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида кенг нишонланади. Бу қадриятларимизга ҳамоҳанг айёмдир. Зеро, бу дунёда устозлар қўлидан маҳкам тутиб, уларга муносиб шогирд бўлиб, илм-маърифат оғушида яшаш, устозларга эҳтиром кўрсатиш улуғ саодат. Улуғ шоир Абдулла Орипов ёзганидек,
Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан,
Тўлаб бўлармикан бу қарзни алҳол,
Узиб бўлармикан юзта ганж билан?!
Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ,
Улуғнор туманидаги
“Мингбулоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби.