Фарғонада якунланган III Халқаро ҳунармандчилик фестивалида Наманганлик моҳир ҳунарманд Ҳакимжон Тожибоев «Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси» номинациясида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Ҳакимжон Тожибоев ипак матоларини бўяш ва тўқиш санъати билан шуғулланади. У бу касбнинг учинчи авлод вакили бўлиб, ота-боболаридан мерос ҳунарни юксак даражада давом эттириб келмоқда. Шу билан бирга, у ўз билим ва тажрибасини ёшларга ўргатиб, миллий қадриятларни кейинги авлодга етказишда ҳам фаол ҳисса қўшмоқда.
Устанинг мазкур ғалабаси нафақат унинг шахсий ютуғи, балки бутун Наманган ҳунармандчилиги нуфузининг янада юксалаётганидан дарак беради. Фестиваль доирасидаги бу каби тақдирлашлар миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлида муҳим қадам бўлди.