Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг диққат эътибори Нью-Йорк шаҳрига қаратилган. Мазкур шаҳарда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ўз ишини давом эттирмоқда. Эътиборлиси, ушбу нуфузли саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда ва турли мамлакатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Куни кеча Президент Ш.МирзиёевнингБМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида нутқ сўзлаши ва билдирилган муҳим ташаббуслар эса том маънода глобал даражадаги воқелик бўлди. Айни пайтда мазкур нутқ замонавий халқаро сиёсий муҳитда катта аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бир қатор ташаббуслар нафақат Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига, балки минтақавий ва глобал барқарорликка ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
Аввало, БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга доир фикрлар долзарб сиёсий ташаббус сифатида баҳоланмоқда. Бугун халқаро институтлар заифлашиб, глобал низолар кучайган бир пайтда Ўзбекистон томонидан ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш дунё миқёсида тинчлик ва ҳамжиҳатликка хизмат қиладиган амалий қадам ҳисобланади.Ушбу нутқда ички ислоҳотлар натижаларининг халқаро минбардан эълон қилиниши ҳам муҳим сиёсий сигналдир. Камбағаллик даражасини кескин қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлашдаги ислоҳотлар, “яшил” иқтисодиёт ва гендер тенгликка оид ташаббуслар мамлакатнинг демократик йўлдан қатъий боришини намоён этади. Бу эса Ўзбекистоннинг ички сиёсий жараёнлари халқаро ҳамжамият олдида очиқ ва шаффоф олиб борилаётганидан далолат беради.
Марказий Осиё бўйича баён этилган ғоялар ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. ПрезидентШ.Мирзиёевнинг минтақада ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш ва Янги Марказий Осиёни алоҳида сиёсий субъект сифатида намоён қилиш ғояси стратегик аҳамиятга эгадир. Шу асосда ЭКОСОС, ЮНИДО ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорликда иқтисодий, экологик ва технологик лойиҳалар амалга ошириш таклифи минтақавий интеграция жараёнини янги босқичга кўтаради. Бу Ўзбекистоннинг минтақада етакчилик позициясини янада мустаҳкамлайди.
ПрезидентШ.Мирзиёевнинг Афғонистон, Ғазо ва Украина масалаларига муносабати ҳам сиёсий етуклик даражасини кўрсатиб турибди. Хусусан, Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш ташаббуси нафақат минтақанинг, балки глобал иқтисодий боғлиқликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Терроризмга қарши минтақавий офис ва реабилитация марказини ташкил қилиш ғояси эса Ўзбекистоннинг хавфсизлик соҳасида ташаббускорлик ва масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлигини англатади.
Экология соҳасидаги ташаббуслар ҳам алоҳида эътирофга арзийди. Президент Ш.Мирзиёев томонидан сув ресурслари тақчиллигига қарши бутунжаҳон форумини ўтказиш, иқлим миграцияси бўйича глобал пакт қабул қилиш ғоялари халқаро миқёсдаги энг долзарб муаммоларга амалий ечим сифатида қаралиши мумкин. Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар эса Ўзбекистоннинг нафақат миллий, балки глобал экологик масъулиятини ҳам намоён қилади.
Ёшлар ва маънавият соҳасида илгари сурилган ташаббуслар – “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” ва Ислом маърифати маркази – мамлакатнинг маданий-дипломатик қиёфасини тубдан ўзгартиради. Бу ташаббуслар халқаро майдонда Ўзбекистоннинг тинчликпарвар, бағрикенг ва маънавий меросга содиқ давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Умуман олганда, Президент Ш.Мирзиёевнинг БМТнинг юксак минбаридан илгари сурган ташаббуслари Ўзбекистоннинг глобал муамоларни ҳал этишдаги ташаббускор сифатида шаклланаётганини яна бир бор кўрсатиб берди. Бу ташаббуслар ичида хавфсизлик, экология, таълим, ёшлар сиёсати ва минтақавий ҳамжиҳатликка оид ғоялар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган долзарб ва амалий йўналишлардир. Айтиш мумкинки, ушбу нутқ Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада оширишда муҳим қадам бўлди.
Наримон Деҳқонов, Наманган давлат университети профессори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати,
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси.