Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси — бугунги геосиёсий нотинчлик, иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликлар кучаяётган даврда инсоният тақдири учун масъулиятли минбар бўлди. Ана шу юксак минбардан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи жаранглаши халқимиз учун ҳам, бутун дунё учун ҳам янги умид ва янгича ёндашувларни тақдим этди.
Президентимизнинг чиқиши оддий дипломатик мурожаат эмас, балки дунёга дадил овоз, масъулиятли чақириқ ва Янги Ўзбекистоннинг ҳаққоний қиёфаси бўлди. Унда ҳам миллий тараққиёт йўлимиз, ҳам глобал ташаббусларимиз уйғун тарзда ифодаланди.
Давлатимиз раҳбари нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ўзгаришларни аниқ фактлар билан тақдим этди. Камбағалликнинг 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқаргани, таълим тизимидаги юксалиш, олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга етгани, ўқитувчи касбининг обрўси кескин ошгани — бу оддий статистика эмас, балки миллионлаб инсонларнинг ҳаёти ўзгарганини кўрсатувчи далиллардир.
Юртимизда таълим, соғлиқни сақлаш, “яшил” энергетика, кичик бизнес ва замонавий саноатнинг ривожланиши — Янги Ўзбекистоннинг пойдевори мустаҳкамланаётганини тасдиқлайди. Шу боис Президентимизнинг Тошкентда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш ташаббуси халқаро майдонда ҳам эътибор ва эътирофга лойиқ бўлди.
Президентнинг нутқи нафақат миллий ютуқларни тарғиб қилиш, балки инсоният олдида турган глобал муаммоларга ҳам амалий ечим таклиф этишга қаратилди.БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ғояси — ривожланаётган давлатлар манфаатини ҳимоя қилиш учун муҳим. Болалар саратони ва оғир касалликларга қарши кураш масаласи — инсониятнинг келажагини асраш ташаббуси. Аёллар роли ва тенглиги масаласи — Осиё аёллар форумини доимий платформага айлантириш орқали мустаҳкамланмоқда. Сувни тежаш ва Оролбўйи экотизимини тиклаш ташаббуслари — экологик хавфсизликни глобал кун тартибига олиб чиқмоқда. “Жаҳон ёшларининг тинчлик ҳаракати”ни ташкил этиш — тинчликпарвар авлодни тарбиялашга қаратилган беқиёс ташаббус.
Бу ташаббуслар оддий сиёсий баёнот эмас, балки эртанги авлоднинг фаровонлиги, инсониятнинг тинч ҳаёти учун масъулиятли қарашдир.
Президент нутқида сўнгги саккиз йилда Марказий Осиёда эришилган ютуқлар ҳам алоҳида ўрин олди. Ёпиқ чегаралар тарихда қолган, ўзаро ишонч мустаҳкамланган, савдо ва транспорт оқимлари бир неча баробарга ошган. Бугун Марказий Осиё халқаро муносабатларда алоҳида субъект сифатида ўз овозига эга бўлаётгани — Ўзбекистон ташаббуслари ва амалий сиёсатининг натижасидир.
Нутқда Орол денгизи муаммосига алоҳида урғу берилди. Сўнгги йилларда қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда кўкаламзорлар барпо этилгани, 2030 йилга қадар бу ҳудуднинг 80 фоизи яшил қопламага айланиши режалари — нафақат минтақамиз, балки бутун дунё учун улкан ташаббусдир.
Шунингдек, сув танқислиги, иқлим миграцияси ва экологик хавфлар бўйича халқаро механизмлар яратиш ғояси — Ўзбекистоннинг глобал масъулиятини намоён қилади.
Бир сўз билан айтганда, БМТ минбаридан янграган Президентимиз нутқи — халқимизнинг тинчликпарварлиги, ислоҳотларга содиқлиги ва келажакка ишончини дунёга намоён этди.
Янги Ўзбекистон бугун нафақат ўз фаровонлигини, балки дунё барқарорлиги ва тараққиётини ҳам ўйлаётган, масъулиятли давлат сифатида глобал минбардан дадил овоз бермоқда.
Бу овоз – халқимизнинг овози, келажакка бўлган ишончнинг овозидир!
Санжарбек ҲАМИДОВ.