Ҳаётда ўқитувчи бўлиш – бу касб эмас, бу тақдир. Устозлик эса бу ҳаётни бошқалар бахти учун яшаш, ўргатиш, илҳомлантириш, тарбиялаш демак. Ўқитувчи учун ҳар бир кун жамиятдаги ёшларнинг келажаги учун фидокорона хизмат қилишдир. Шунинг учун ҳам “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Президентимиз томонидан йўлланган байрам табригини ўқир эканмиз, қалбимизда чуқур мамнуният, фахр ва янада катта масъулиятни ҳис қилдик.
Бу табрикдаги ҳар бир сўз – устоз ва мураббийларга нисбатан буюк ҳурмат ва ишонч ифодаси бўлиб, уларни янада ривожланишга, меҳнат қилишга ундайди. “Ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – навқирон авлод таълим-тарбиясига бағишлаган муҳтарам устоз ва мураббийлар” деган сўзлар биз учун чинакам маънодаги эътирофдир. Бу сўзлар ҳар бир ўқитувчини руҳини кўтариб, ўз ишини янада улуғлигини ҳис қилишга ундайди.
Президентимизнинг ушбу табригида таълим соҳасига бўлган давлат сиёсати ва устозларга кўрсатилаётган юксак эътибор яққол акс этган. Бу биз учун нафақат руҳланиш, балки ўз зиммамизга юкланган масъулиятни янада кенгроқ англаш учун муҳимдир.Хусусан, кейинги саккиз йилда таълим ва илм-фан соҳасига ажратилган маблағлар 6 баробарга оширилиб, 378 триллион сўмни ташкил этгани биз зиёлиларнинг саъй-ҳаракатлари давлат томонидан юқори даражада қадрланганини кўрсатади. Бу маблағлар орқали мамлакатимизда юзлаб янги боғчалар, мактаблар, техникумлар ва олийгоҳлар барпо этилди, таълим муассасалари замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Таълимнинг энг биринчи ва муҳим босқичи – мактабгача таълимдир. Президент табригида таъкидланганидек, боғчалар сони 5200 тадан 38 мингтагача кўпайган, қамров даражаси эса 27 фоиздан 78 фоизга етган. Бу рақамлар фақат статистика эмас, балки ҳар бир оила ва ҳар бир боланинг соғлом ва яхши тарбияланган мустаҳкам пойдеворга эга бўлаётганидан даракдир.Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, тарбиячилар маошини ўқитувчилар маошига тенглаштириш ва раҳбар-педагогларнинг ойликларини қарийб икки баробар ошириш каби қадамлар соҳа ходимларининг қадрини оширмоқда. Бу эса янада самимий меҳнатга ундайди.
Президент ушбу табрик орқали таълим тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган муҳим қадамларни таъкидлади. Янги ўқув йилидан бошлаб жорий этилган 12 йиллик мактаб таълими ва ягона давлат имтиҳонлари битирувчиларга техникум ва олийгоҳларга тўғридан-тўғри кириш имкониятини беради.Бу ўзгаришлар ёшларга таълимни мустаҳкамлаш ва уларни замонавий талабларга жавоб берадиган касб-ҳунарга тайёрлаш имконини яратади. Шунингдек, бу тизим ёшларнинг билимларини ва малакасини холис баҳолашга хизмат қилади.
Касбий таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. Яқинда ташкил этилган Касбий таълим агентлиги орқали 100 дан зиёд техникум Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой, Корея каби ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди.Бундай халқаро ҳамкорлик натижасида ёшлар туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, энергетика каби соҳаларда талаб юқори бўлган касбларни эгаллайди. Шунингдек, дуал таълим тизими орқали талабалар ишлаб чиқариш жараёнларида амалий билим олиш имконига эга бўлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда олий таълим тизими босқичма-босқич ўзгаришлардан ўтмоқда. Ушбу ислоҳотлар самарасида олийгоҳлар сони қарийб 3 баравар оширилди, бу эса таълим муассасаларига бўлган талаб ва имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, талабалар сони ҳам 5 баробарга яқин кўпайиб, олий таълим тизимидаги фаол ёшлар қатлами сезиларли даражада кенгайди.
Талабалар учун танлов имконияти кўпайтирилгани таълим сифати ва рақобатбардошликни оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ўқитувчиларнинг маошларини ошириш орқали уларнинг меҳнатга бўлган мотивацияси ва касбий фаолиятининг сифатини яхшилашга эришилмоқда. Бу эса таълим жараёнида юқори профессионаллик ва инновацион ёндашувларни жорий этиш учун шароит яратади.
Эътиборли жиҳати, олимларимиз орасида профессор-ўқитувчиларнинг асосий қисми тадқиқотларда фаол иштирок этиши ва аниқ натижаларга эришиши миллий илмий салоҳиятнинг ривожланишига хизмат қилмоқда. Бу эса фақат таълимда эмас, балки илмий тадқиқотларда ҳам Ўзбекистоннинг халқаро ареналардаги обрўсини оширади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Президентимизнинг мазкур байрам табриги – бу нафақат касб байрами билан табриклаш, балки устозларга берилган ишонч, давлат сиёсатидаги устозларнинг ўрни ва аҳамиятининг янада ошиши ҳамда келажак авлод учун катта вазифаларни белгилаб бериш деб биламиз.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети профессори,
сиёсий фанлар доктори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати.