Тўрақўрғон ҳурмоларига хориж бозоридан талаб катта

Тўрақўрғон туманида ҳурмочилик кенг ривожланмоқда. Бугунги кунда 64 та маҳалланинг 48 тасида аҳоли ушбу мевани етиштириш билан шуғулланиб, асл боғбонларга айланган.

Калвак маҳалласининг 1054 та хонадонининг деярли барчаси ҳурмочилик билан банд бўлиб, йиллик ҳосил 200 тоннага етади. Маҳсулот Россия, Қозоғистон ва Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

Мавсум давомида ҳар бир оила ўртача 30 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача даромад олади. Шунингдек, маҳаллада 500 дан ортиқ мавсумий ва 220 нафар доимий ишчи бандлиги таъминланган.