Ҳар йили 21 октябрь санаси юртимизда катта шукуҳ билан нишонланадиган Ўзбек тили байрами – халқимизнинг миллий ғурури, ўзлигининг ифодаси ва мустақиллик рамзига айланган муҳим сана ҳисобланади. Чунки она тили — миллатнинг руҳий бойлиги, маданий мероси, тарихий хотираси ҳамда маънавий пойдеворидир.
1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун ўзбек халқининг ҳаётида тарихий бурилиш ясади. Шу кундан бошлаб ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлиб, унинг нуфузи, ривожланиш имкониятлари ва ижтимоий мавқеи янада мустаҳкамланди.
Она тили – халқни бирлаштирувчи, миллатни юксалтирувчи кучдир. Ўзбек тили бой сўз захираси, ширали оҳанги ва қадимий илдизлари билан ажралиб туради. Навоий, Бобур, Огаҳий, Фурқат сингари буюк адиблар бу тилда яратилган асарлари билан унинг бадиий салоҳиятини дунёга танитганлар. Бугунги кунда эса ўзбек тили мамлакатимиз чегарасидан чиқиб, халқаро майдонда ҳам эътибор қозонмоқда.
Сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан она тилини ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш ва ёшлар қалбида миллий ифтихор туйғусини шакллантириш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу ташаббусларнинг амалий ифодасини Наманган давлат университетида ўтказилаётган “Миллий қадриятлар – маънавиятимиз безаги” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирларда ҳам яққол кўриш мумкин.
Мазкур тадбирларда талабалар ўз миллий ўзлигини англаш, қадимий қадриятлар билан фахрланиш ва ўз тилига ҳурмат билан ёндашиш руҳида фаол иштирок этмоқдалар.
Бугун ўзбек тили таълим, фан, сиёсат, технология ва халқаро мулоқот соҳаларида барқарор ўрин эгаллаб, замонавий тараққиёт билан ҳамнафас бўлиб бормоқда.
Она тилига эҳтиром – бу Ватанга, халқга бўлган садоқат тимсолидир. Шу боис ҳар бир юртдошимиз ўз тилини севиш, уни ардоқлаш ва келажак авлодларга соф, бой ҳамда гўзал ҳолатда етказиш учун масъулдир.
Ўзбек тили байрами бизга шуни эслатади: тил – миллат ҳаётининг асоси, уни асраш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Дилмурод Тўланбоев,
Наманган давлат университети юридик факултети талабаси.