Қалам тутган юрак ҳақиқат излайди

21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун

Ҳар бир миллатнинг энг катта бойлиги ва бебаҳо хазинаси – бу унинг тили. Тил – бу нафақат алоқа воситаси, балки миллатнинг тарихи, маданияти, орзу-интилишлари ва келажагини ўзида мужассам этган қудратли кучдир.

21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун эса мамлакатимиз ва халқимиз учун миллий ўзлигикни, қадриятларни асраб-авайлаш ва дунёга намойиш этиш йўлидаги буюк қадамлардан бири бўлди.

1989 йилда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республкиаси Қонуни миллатимизнинг кўп асрлик орзу-армонларини рўёбга чиқарди. Чунки ўз тилида эркин сўзлашиш, ёзиш, илм-фан яратиш – ҳар бир халқ учун мустақилликнинг энг муҳим белгиси ҳисобланади. Она тилимизга давлат мақоми берилиши, кейинчалик бу Қонуннинг такомиллаштирилиши халқимизнинг ўзлигига қайтиши, ўз миллий қадриятларини тиклаши учун кенг йўл очиб берди.

Бугун ўзбек тили нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам ўзининг мустаҳкам ўрнини топмоқда. Президентимиз ва расмий делегацияларимиз йирик халқаро саммитларда, БМТ минбарида, Марказий Осиё минтақавий анжуманларида ўзбек тилида нутқ сўзлаётгани халқимизнинг шаъни ва ифтихорини бутун дунёга намойиш қилмоқда. Бу – она тилимизнинг нуфузи тобора ортиб бораётганининг яққол исботи.

Эътиборли жиҳати, бугун Туркия, Корея, Россия, АҚШ, Германия каби давлатларда ўзбек тили алоҳида курс сифатида ўқитилмоқда. Европадаги кўплаб университетларда талабалар ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш билдирмоқда. Бу эса тилимизнинг бой тарихий мероси, адабиёти ва маданиятига бўлган қизиқишнинг тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Бир мисол: яқинда Германиянинг нуфузли университетларидан бирида ўзбек тили курслари очилди. Талабалар Алишер Навоий асарларини асл тилида ўқишга интилаётгани, халқимизнинг бой адабиётини бевосита тушунишга қизиқаётгани қувончли ҳол, албатта.

Шунингдек, Туркияда ўзбек тилини ўрганувчилар сони йил сайин ортмоқда. Бу ҳолат тилимизнинг нафақат минтақавий, балки жаҳон миқёсида ҳам эътироф топаётганидан дарак.

Бугунги кунда ўзбек тили халқаро ташкилотлар даражасида ҳам ўз овозига эга бўлиб бормоқда. Хорижий журналистлар, олимлар ва сиёсатчилар тилимизни ўрганишга қизиқмоқда. Уларнинг кўплари ўзбек тилида мақола ёзмоқда, ўзбек халқининг маданиятини тарғиб қилмоқда. Шу боис биз тилимизни фақат ички алоқа воситаси сифатида эмас, балки дунё майдонига чиқаётган миллий нуфузимиз сифатида қадрлашимиз керак.

Мен талаба сифатида она тилимизнинг имкониятларини нафақат дарс жараёнида, балки ҳаётнинг ҳар бир соҳасида ҳис этаман. Адабиётда, илм-фанда, журналистикада ўзбек тили ўзининг бетакрор ифода имкониятларига эга. Ҳар бир сўзида халқимизнинг руҳи, тарихи ва маънавий олами акс этади.

Тилимизни асраш ва ривожлантириш эса фақатгина давлат ёки зиёлиларнинг вазифаси эмас. Бу иш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Биз, ёшлар, илмий мақолаларимизни, тадқиқотларимизни она тилимизда яратиб, уни дунё илмий журналларига олиб чиқишимиз лозим. Технология, инновация, ахборот соҳаларида ҳам ўзбек тилининг имкониятлари кенгайиши, янги атамалар, илмий тушунчалар яратиш орқали тилимиз янада бойиб боради.

21 октябрь – бу шунчаки сана эмас. Бу – миллий ғуруримиз, ор-номусимиз ва келажакка ишончимизни мустаҳкамловчи муқаддас кун. Она тилимизни севиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш орқали биз нафақат ўзлигимизни сақлаб қоламиз, балки миллатимизнинг нуфузини бутун дунёга ёямиз.

Бир сўз билан айтганда, ўзбек тили – бизнинг шаънимиз, миллатимизнинг руҳи ва халқимизнинг нуфузидир. Уни қадрлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг энг улуғ бурчимиздир!

Яҳёбек УСМОНОВ,
Наманган давлат университети талабаси.