Сўнгги йилларда аҳоли сони ортиб, транспорт воситалари сони ҳам кескин кўпаймоқда. Натижада йирик йўлларда ҳаракат жадаллашиб, тирбандликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам ошмоқда. Шундай бир пайтда, транспорт ҳаракатини тартибга солиш, пиёдалар учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш — долзарб вазифалардан бирига айланиши табиий.
Наманган шаҳрида ҳам бу борада бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳоли гавжум бўлган Уйчи кўчасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича муҳим ташаббус амалга оширилди. Мазкур ҳудуд — собиқ «Баҳор» кинотеатри атрофи ҳамда «Тахтакўприк» даҳаси 24-АТС олди — илгари транспорт оқими жуда кучли бўлгани, пиёдалар йўлни кесиб ўтишда қийинчиликларга дуч келгани боис аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган эди.
Куни кеча айнан шу жойларда замонавий светофор тизимлари ўрнатилди. Эндиликда бу масканлар янада хавфсиз, тартибли ва қулай ҳолатга келди. Бу ташаббус орқали нафақат йўл-транспорт ҳодисалари камаяди, балки ҳаракат иштирокчилари ўртасида маданият ва интизом янада мустаҳкамланади.
Мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли номидан Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Уларнинг ўз вақтида кўрган чора-тадбирлари натижасида, эндиликда бу йўналишдаги ҳаракат хавфсиз ва тартибли йўлга қўйилди.
Дарвоқе, хавфсиз йўл — ҳар бир инсон ҳаёти ва осойишталигини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири. Шу боис бу каби саъй-ҳаракатлар давомли бўлиши, шаҳримизнинг ҳар бир нуқтасида фуқароларнинг тинч ва хавфсиз ҳаракатланишига хизмат қилиши барчамиз учун қувонарлидир.
Санжарбек ҲАМИДОВ.