Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЮНЕСКО Бош конференсиясининг 43-сессияси очилиш маросимидаги нутқи нафақат миллий манфаатларни ифода этди, балки глобаллашув шароитида инсониятни бирлаштирувчи тарихий қадриятлар, илм-фан, маданият ва таълимнинг универсаллигини таъкидлаган халқаро дипломатия ҳужжати даражасига кўтарилди. Конференсиянинг илк бор ЮНЕСКО Париждаги қароргоҳидан ташқарида, Самарқанд шаҳрида ўтказилгани — халқаро ҳамжамият томонидан “Янги Ўзбекистон” консепсияси, очиқлик сиёсати ва маданий меросни асраш борасидаги ислоҳотларга билдирилган ишончдир
Самарқанд – тарих, илм ва дипломатия чорраҳаси
Президент Мирзиёев ўз нутқида Самарқандни “гуманизм ва сивилизациялараро мулоқот маркази” сифатида таърифлар экан, бу шаҳарнинг нафақат тарихий, балки замонавий дипломатик капиталини ҳам очиб берди. Улуғбек расадхонаси, Буюк ипак йўли мероси, динлараро бағрикенглик тамойили — буларнинг барчаси ЮНЕСКО фаолиятининг маънавий асослари билан уйғунлашади.
Бу жиҳатдан конференсиянинг Самарқандда ўтказилиши “Самарқанд руҳи” деган янги дипломатик атамани шакллантирди – у маданият, тинчлик, таълим ва инсонпарварлик қадриятлари атрофида халқаро бирдамликни мустаҳкамлашни англатади.
Глобал чақириқлар ва ЮНЕСКО миссияси доирасидаги янги ташаббуслар
Нутқда илгари сурилган таклифлар бугунги геосиёсий вазият ва глобал таҳдидлар – иқлим ўзгариши, маданий мероснинг йўқолиши, ахборот нотекислиги, гендер нотенглик, маънавий қадриятлар инқирози каби жараёнларга бевосита жавоб сифатида шаклланган. Шулардан муҳимлари қуйидагилардир:
Инклюзив ва сунъий интеллектга асосланган таълим модели – “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳаси ва Жаҳон профессионал таълим саммити ташаббуси замонавий таълим дипломатиясининг муҳим қисми сифатида эътироф этилди.
Номоддий маданий меросни сақлаш – “Ҳужжатли мерос халқаро куни”ни жорий этиш, “Жаҳон хотираси” дастурини кенгайтириш, рақамли мерос институти ташкил этиш таклифи ЮНЕСКО кун тартибига янги ёндашув олиб киради.
Гендер тенглиги ва аёллар етакчилиги – ЮНЕСКО Академиясини ташкил этиш ташаббуси орқали илм-фан, санъат ва таълим соҳасида аёллар ролини кучайтиришга чақириқ янгради.
Иқлим инқирозига қарши маданий жавоб – “ЮНЕСКО экологик пойтахти” глобал дастури ва маданий меросни иқлим таҳдидидан ҳимоя қилиш бўйича Хива симпозиуми ташкилий ташаббус сифатида илгари сурилди.
Ахборот маконини соғломлаштириш – Медиа саводхонликнинг глобал стратегиясини ишлаб чиқиш, болалар маданий контенти халқаро фестивалини ташкил этиш рақамли даврнинг маданий-ахборий хавфсизлигига хизмат қилади.
Янги Ўзбекистон – Шарқ ва Ғарб ўртасида гуманитар кўприк
Нутқда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан сўнгги йиллардаги ҳамкорлиги натижалари ҳам алоҳида таъкидланди: Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Зарафшон-Қорақум йўлагининг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши, “Шашмақом”, “Лазги”, “Наврўз” каби номоддий мерос унсурларининг эътироф этилиши, илмий марказ ва таълим тармоқларининг ривожи – буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг глобал маданий дипломатиядаги мустаҳкам мавқеини кўрсатади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ЮНЕСКО трибунасидан туриб илгари сурилган стратегик ғоялар мажмуи бўлиб, унда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари – очиқлик, тинчлик, маданиятлараро мулоқот, инсон капитали ва тарихий меросга содиқлик ифода этилди.
Бу нутқ мазмунан ЮНЕСКО тарихида “Самарқанд руҳи” феноменини шакллантирган, миллий манфаат ва халқаро қадриятлар уйғунлигини ифодалаган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида тарихда қолиши шубҳасиз.
Зоҳиджон МАДРАҲИМОВ,
тарих кафедраси доценти.
