2025 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат мамлакатнинг демографик, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш йўналишларини мукаммал режалаштириш ва стратегик қарорлар қабул қилишда янги имкониятлар яратади.
Фармон орқали 2026 йил 15 январдан 28 февралгача аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнини икки босқичда амалга ошириш белгиланган: дастлабки 17 кун давомида census.stat.uz портали орқали OneID тизими ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Кейинги бир ой давомида эса маҳалла еттилиги аъзолари уйма-уй юриб, аниқ маълумотларни йиғадилар.
Рўйхатга олиш жараёни жаҳон амалиётига мувофиқ, шаффоф ва махфийликни таъминловчи механизмлар билан ташкил этилади. Шахсга доир барча маълумотлар қонун билан ҳимояланади ва бошқа идораларга тақдим этилмайди. 71 та савол 54 таси аҳоли, 17 таси қишлоқ хўжалигига оид. Мазкур маълумотлар орасида демографик кўрсаткичлар, бандлик, даромад манбалари, таълим даражаси, уй-жой шароитлари, оилавий ҳолат, қишлоқ хўжалиги фаолияти каби асосий индикаторлар мавжуд.
Рўйхатга олишнинг иқтисодий ва стратегик аҳамияти
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни мамлакатимиз иқтисодиёти учун катта стратегик аҳамиятга эга. Биринчидан, бу тадбир орқали қишлоқ хўжалигининг ҳудудий ва таркибий ҳолати батафсил ўрганилади. Шу билан бирга, инфратузилма эҳтиёжлари, ресурслардан самарали фойдаланиш, йил давомида ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини аниқлаш имконияти пайдо бўлади.
Мисол учун, 26 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати, чорва ва паррандалар сони, шунингдек, уларнинг озиқланиши ва ишлаб чиқариш ресурслари ҳисобга олинади. Бу эса йилига 25,6 триллион сўмлик, жумладан, 2,2 триллион сўм давлат маблағларининг самарали ишлатилишини таъминлайди.
Иккинчидан, рўйхатга олиш орқали қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар ишлаб чиқилади. Бу давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, инвестиция лойиҳаларини ва ҳудудий ривожланиш режасини аниқ маълумотларга таянган ҳолда шакллантириш имконини беради. Мисол учун, аҳолининг миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, фаолият тури ва даромад манбаларига оид маълумотлар халқни озиқ-овқат билан таъминлаш тизимини оптималлаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Учинчидан, рўйхатга олиш натижалари орқали қишлоқ хўжалиги соҳасидаги яширин ёки расмий бўлмаган фаолиятни аниқлаш имконияти кенгаяди. Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилган 440 триллион сўмлик маҳсулотнинг 63 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Рўйҳат натижаларига асосланиб, бу кўрсаткичлар аниқ статистик маълумотлар билан қўллаб-қувватланади ва иқтисодий таҳлиллар учун ишончли база яратилади.
Ижтимоий аҳамият ва халқ манфаатлари
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Рўйхат натижаларига кўра, ҳудудларда таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа ижтимоий соҳалардаги инфратузилмани кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича аниқ қарорлар қабул қилинади. Шу билан бирга, рўйхатга олиш орқали аҳолининг турли тоифалари, жумладан, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар бўйича ягона маълумотлар базаси шаклланади. Бу эса давлат сиёсатининг самарадорлигини оширади ва ресурсларни мақсадли тақсимлаш имконини беради.
Шунингдек, халқаро миқёсда рўйхат натижалари орқали Ўзбекистоннинг статистик маълумотлари глобал стандартларга мувофиқ келади, БМТ аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва FАО экспертлари томонидан ижобий баҳоланади.
Бу эса мамлакатнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, халқаро рейтингларда ўрнини мустаҳкамлаш ва ривожланиш стратегиясини янада аниқ белгилаш имконини беради.
Қишлоқ хўжалиги сектори учун аниқ фойдалар
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг яна бир муҳим жиҳати – бу норасмий сектор фаолиятини аниқлашдир. Ҳозирги кунда деҳқон ва томорқа хўжаликларининг фаолияти иқтисодиётнинг 75 фоизини ташкил қилувчи яширин бозорнинг асосини яратади. Рўйхат орқали бу секторнинг аниқ кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш ҳажми, ресурслар ва зарур хизматлар бўйича маълумотлар йиғилади. Натижада кичик ишлаб чиқарувчилар, деҳқон ва томорқа хўжаликлари учун статистика асосида қўллаб-қувватлаш дастурлари ишлаб чиқилади, уларнинг самарадорлиги ошади.
Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ислоҳотлари, хусусан, фуқароларга 250 минг гектардан ортиқ ер ажратилиши рўйхат орқали янада самарали назорат ва мониторинг имкониятини яратади. Шу билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда рўйхат натижалари асосий манба бўлиб хизмат қилади, ишлаб чиқариш прогнозлари ва танланма кузатувлар учун ишончли база яратади.
Стратегик мақсадлар ва келажакдаги имкониятлар
Умуман олганда, 2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири мамлакатимизда миллий статистика тизимида янги босқични очади. Бу жараён орқали:
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ барча асосий индикаторлар ягона маълумотлар базасига киритилади;
- Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини режалаштириш ва мониторинг қилиш имконияти кенгаяди;
- Ҳудудлар кесимида ресурслар ва маблағларнинг самарали тақсимланиши таъминланади;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасида яширин иқтисодий фаолиятни аниқ кўрсаткичлар билан ўлчаш имконияти пайдо бўлади;
- Халқаро стандартлар асосида солиштириладиган статистик маълумотлар яратилиб, мамлакатнинг глобал рейтингларда ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш нафақат давлат сиёсати учун, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифатини ошириш, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш учун муҳим стратегик аҳамиятга эга. Бу жараён мамлакатимиз тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги фаолиятини кенг қамровда статистик таҳлил қилиш имконини яратади ва келажакда ишлаб чиқариш, инвестиция ва ижтимоий сиёсат соҳаларида аниқ ва асосли қарорлар қабул қилишни таъминлайди.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш орқали Ўзбекистон ўзининг демографик, иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларини аниқ ва ишончли маълумотлар билан тасдиқлайди, давлат ва хусусий секторнинг ривожланиш стратегиясини янада самарали шакллантиришга замин яратади. Шу боис, 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар бўлиб ўтадиган ушбу тадбир мамлакатимиз ривожланиши йўлида муҳим тарихий воқеа сифатида қадрланиши ва ҳар бир фуқаро бу жараёнда дахлдорликни ҳис қилиши лозим.
Бир сўз билан айтганда, рўйхатга олинган ҳар бир шахснинг фуқаро сифатидаги қадр-қиммати янада ошади. Шундай экан, бу жараёндан четда қолманг. Ватан учун, жамият учун борлигингизни билдиринг, у билан келажак сари бирга қадам ташланг!
Санжарбек ҲАМИДОВ.
