Наманган шаҳрининг марказида қад ростлаган «Чорсу деҳқон бозори» — бу нафақат савдо-сотиқ жойи, балки бутун вилоятнинг қайноқ нафаси, бетиним ураётган юрагидир. Ҳар тонг ҳаёт шу ерда уйғонади. Деҳқонлар тонг саҳарда тоғ бағридан, далалардан, қишлоқлардан шошиб шу бозор сари ошиқишади. Ҳар кимнинг араваси тўла мева-чева, полиз ва сабзавот маҳсулотлари, тотли ҳидга бурканган неъматлар…
Бозор дарвозасидан кирар экансиз, сизни бир зумда турли чеҳралар, турли товушлар, турфа ранглар ва турфа ифорлар дунёси қарши олади: кимдир нарх айтяпти, кимдир харидор билан келишмоқда, кимдир меваларни саватга жойлаяпти. Ҳамма ўз юмушида, аммо ҳаммасининг юрагида бир миннатдорона туйғу: меҳнатнинг шарафи ва манфаати!
«Чорсу» – бу мўл-кўллик маскани. Ҳар қадамда қаҳрабодек товланган узумлар, қирмизи хушбўй олма ва ним сарғиш ноклар, янги узилган сабзавотлар кўзни қувонтиради. Куз фасли – серобчилик айёми. Қатор расталарда туманлардан келган деҳқонлар ўз ҳосилини ғурур билан таклиф этмоқда.
Кеч кирган пайтда ҳам «Чорсу» сокин тортмайди, аксинча, янада гавжумлашади. Ёруғлик остида савдо қизғин давом этади, ҳавода янги пишган мева, нон ва зиравор ҳидлари уйғунлашиб кетади. Бозор шунчаки харид маскани эмас — бу ерда халқнинг ҳаёти, меҳнати, орзу ва баракаси мужассам.
Тўй-томоша арафасида юрувчилар саватини тўлдириб, узуму анорни завқ билан танлайди. Ёши катталар «Шукр, бундай тўкинликни ҳам кўрдик», дея дуолар қилишади. Ёш болалар эса оналарининг қўлидан чиқиб, ранг-баранг меваларга қараб қувончдан жилмайишади.
«Чорсу»да юриб, сиз ҳар бир растада ҳаётнинг ўз ифорини ҳис қиласиз — бу ерда тер томчилари билан суғорилган меҳнат бор, бу ерда ҳар бир хариднинг ортида халқнинг ҳалол ризқи ва барака умиди бор.
Наманганликлар учун «Чорсу» — бу тарих, бу урф-одат, бу шукроналик маскани. Йил фасллари ўзгаради, лекин «Чорсу»нинг гавжумлиги, ҳаёт нафаси, тўкинлиги ўзгармайди. Бозор ўз номига монанд — «Чорсу», яъни «тўрт йўл». Бу йўллар Наманган халқининг қалбидан чиқиб, барака ва меҳр томон етаклайди!
Санжарбек ҲАМИДОВ.
