Наманганда халқаро тиббиёт форуми ўтказилади

Наманганда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро гуллар фестивали доирасида жорий йил муҳим ва мазмунли тадбирлар билан бойитилади. Шулардан бири — халқаро миқёсда ташкил этиладиган тиббиёт форуми ҳисобланади.

Форум доирасида тиббиёт туризмини ривожлантириш, хусусан, болалар неврохирургияси соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Тадбирда Германия, Туркия каби давлатлардан етук мутахассислар иштирок этиши, болалар ва катталар неврохирургияси бўйича ўқув дастурлари ҳамда амалиётга қаратилган жарроҳлик операциялари ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Паркинсон касаллиги, болалар церебрал фалажи ва генетик хасталикларни даволашда қўлланилаётган янги, замонавий методлар тақдим этилиши кутилмоқда.

Форум тиббиёт соҳасидаги илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу билан бирга, Наманганни халқаро тиббиёт туризми марказларидан бири сифатида намоён этишга хизмат қилади.