27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бу сана — нафақат байрам, балки оғир ва шарафли касб эгаларининг масъулиятини ёдга солувчи муҳим кун. Айниқса, журналист бўлиш орзусида ёнаётган биз — бўлажак журналистлар учун бу кун қадрдон, ҳаяжонли ва бироз бурчли туюлади. Чунки биз — эртанги ҳақиқат элчиларимиз.
Журналист — воқеаларнинг томошабини эмас, у жамият муаммосининг юрак уришини сезадиган, унга ечим излайдиган фаол иштирокчидир. Бугунги ахборот оқими шиддатли, ҳақиқат ва ёлғон орасидаги чизиқ тобора ингичкаланмоқда. Айнан шундай вазиятда журналист — ҳақиқат қоровули сифатида ўз виждони, касбий этикаси ва билимига таянади.
Ўқув жараёнида ўрганган назариялар, ёзилган репортажлар, ўтказилган амалиётлар — буларнинг бари эртанги кун журналисти учун илк пойдевордир. Қалам билан ёзилган ҳар бир сўз — фикрни уйғотади, жамиятни ҳаракатга чорлайди. Қалам — зўрнинг қуроли эмас, ҳақиқатнинг овози бўлиши керак.
Журналист бўлиш — бир қарашда жозибадор касбдек туюлади. Микрофон тутган, камерага қараб бемалол гапирган, репортаж олиб юрган инсонларга ҳавас қиламиз. Аммо уларнинг ортида кечиккан тонглар, бузилган режалар, баъзида эса босим ва таҳдидлар бор. Ҳар бир айтилган гап, ёзилган мақола ортида муаллиф масъулияти, жамият олдидаги виждон имтиҳони туради.
Яхши журналист — жамиятнинг кўзидир, юрагидир, ҳатто баъзан виждонидир. Бу касбда тўғрилик, ҳалоллик ва қатъият муқаддас тамойилдир. Ўқиш давридаёқ буни ҳис қилиш, ҳозирданоқ ушбу масъулиятни ичдан тан олиш — ҳақиқий журналистлик сари илк қадамдир.
Ахборот майдони тобора глобал тус олаётган бир вақтда журналистларнинг роли фақат хабар етказиш билан чекланмайди. Улар бугун ижтимоий адолатни тарғиб қилади, халқнинг оғриқли дардини кўтаради, жамиятда мувозанат ва уйғунликни таъминлашга хизмат қилади. Демак, журналист — бу нафақат касб, бу — ҳаёт тарзи, юрак танлови.
Наманган давлат университети журналистика йўналишида таҳсил олаётганимиз бизга нафақат назарий билимлар, балки касбни юрак билан ҳис қилишни ўргатмоқда. Дарс машғулотларида устозларимизнинг ҳар бир тажрибаси, журналистик ҳаётдан ҳикоялари, касб сир-асрорларини ўргатган машғулотлар — биз учун илҳом ва йўл кўрсаткичга айланмоқда.
Бизнинг журналистика таълим йўналишимизда эса айнан ана шундай устозлардан сабоқ оляпмиз. Масалан, Комилжон Файзиев — Наманганда танилган журналист ва педагог, айни дамда бизга босма нашрда ишлаш сирларини чуқур ўргатмоқдалар. Айниқса, публицистик мақола ёзишда мавзуга ёндашув, муаллиф позицияси ва таҳририй маданият ҳақида берган сабоқлари мен учун тамоман янги уфқларни очди. У кишининг босма нашрга берган ҳурмати, матбуотдаги оғир вазнини тушунтириши — ҳар бир сўзида сезилади.
Яна бир илҳом манбаим — Шаҳло Тошбекова. У кишининг ёзган мақолалари, журналист принципларига содиқлиги ва таҳлилий қарашлари мени журналист касбининг ички феъл-атвори билан юзлаштирган. Ҳар бир сатр, ҳар бир таҳлил — сўзга бўлган муҳаббат ва масъулиятни кўрсатади. Мен бу устоздан ўрганган энг муҳим сабоқ — журналист ўз услубига эга бўлиши, овози ва ёндашуви билан фарқ қилиши керак.
Телевидения йўналишида эса мен учун Нозимжон Ҳожиев устоз. У кишининг тасвир, монтаж, композиция, кадр тафаккури — буларнинг барчаси биз учун экран ортидаги ички механизмга кириш калитидир. Бугун тележурналист бўлиш — бу нафақат микрофон олдида туриш, балки тасвирчи ва монтажчи бўлишни ҳам талаб этади. Бу — менинг шахсий фикрим, аммо устозим сабабли бу йўналишга бўлган иштиёқим мустаҳкамланди.
Яна бир устозим — ижодкор, ҳужжатли ва қисқа метражли филмлар муаллифи Санжарбек Ҳамидов. У кишидан замонавий қаҳрамонлар ҳақида ҳужжатли ҳикоя қилиш, саҳнани жонли тасвирлаш, сценарий билан фикр айтиш санъатини ўрганмоқдаман. Фильм орқали ҳақиқатни кўрсатиш — ҳам санъат, ҳам масъулият. Бу устоздан мен ушбу икки жиҳатни уйғунлаштиришни ўргандим.
Яхши журналист — жамиятнинг кўзидир, юрагидир, баъзан эса виждонидир. Бу касбда тўғрилик, ҳалоллик ва қатъият муқаддас тамойилдир. Ўқиш давридаёқ буни ҳис қилиш, ҳозирданоқ ушбу масъулиятни ичдан тан олиш — ҳақиқий журналистлик сари илк қадамдир.
Шу йўлда орзу қиладиган, эргашадиган, ўрнак оладиган инсонлар ҳам кўп. Мен келажакда Хайрулла Нуриддинов, Навбаҳор Каримова, Абубакр Ўрозов, Ғайбулла Қўчқоров, Даврон Файзиев, Бахтиёр Тўрахонов каби соҳа фидойиларига ўхшаб, журналистикани ўз ҳаётим, сўзни эса виждоним деб билган ҳолда хизмат қилишни истайман. Уларнинг ҳар бири ижоди, позицияси ва касбга садоқати билан менга куч, йўл ва илҳом беради.
27 июнь — бу сана менга журналист касбининг қандай масъулиятли, қандай муқаддас эканини яна бир бор англатади. Мен — бўлажак журналист сифатида келажакда жамият ишончини оқлайдиган, ҳақиқатни ҳимоя қиладиган, ҳалол ва теран фикрли қалам эгаси бўлишни ният қилганман.
Бу йўл машаққатли, лекин маънавий бойликка эга. Бугун орзу, эртага эса касб. Қаламим халқ хизматида, сўзларим ҳақиқат тарафида бўлиши учун ҳаракатдамиз.
Яҳёбек Усмонов,
Наманган давлат университети
журналистика йўналиши 2-босқич талабаси.