Куни кеча Бўстонлиқ туманида «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Президентимиз раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу учрашув ўзида катта бир маънони мужассам этди – юрт тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилаётган устоз ва мураббийларга юксак эҳтиром ифодаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари таълим тизимида самарали меҳнат қилаётган ўқитувчиларни юртимизнинг нуфузли орден ва медаллари билан тақдирлар экан, бежизга «Ўқитувчига эҳтиром – ёшларга имкониятдир» дея таъкидламади. Зеро, устозни қадрлаган халқнинг эртаси фаровон, келажаги порлоқ бўлади.
Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим пойдевори айнан таълим-тарбия соҳасида қўйилмоқда. Ўқитувчиларнинг маошларини ошириш, малака ошириш тизимини такомиллаштириш, уларга турли ижтимоий имтиёзлар яратиш – буларнинг бари нафақат устознинг меҳнатини қадрлаш, балки жамиятда илм ва маърифатнинг нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг: «Ўқитувчи ҳурмат топган жойда билим сифати ҳам, ёшларнинг мотивацияси ҳам юқори бўлади» деган сўзлари бугун ҳар бир юртдошимиз қалбидан чуқур ўрин олмоқда. Бу фикр, аслида, ҳаёт ҳақиқатини ифодалайди: устоз қадр топган жойда илм ҳам, одоб ҳам, маънавият ҳам юқори бўлади.
Бугунги авлод эртанги кунни белгилайди. Уларнинг маънавий камолоти, ватанпарварлиги, фидойилиги, юрт тақдирига масъулият билан ёндашиши – буларнинг барчаси устоз қўлида, муаллим меҳрида шаклланади. Шундай экан, устозни қадрлаш – аслида миллатни, келажакни, Ватан равнақини қадрлаш демакдир.
Мен, Янги Ўзбекистон фарзанди сифатида, устозлари улуғланган юртнинг истиқболи буюк, эртаси ёрқинлигига ишонаман. Илм чироғини ёққан, кўз нури ва қалб қўри билан авлодни тарбиялаётган устозларимизга эҳтиром кўрсатиш эса барчамизнинг бурчимиздир.
Баходир Умаров Баходир,
Наманган давлат университети
юридик факултети, 1босқич талабаси.