Давлатободда «Тўрақўрғон» кўчаси замонавий туризм кўчасига айлантирилади

Наманган вилояти Давлатобод туманида умумий узунлиги 3,1 километр бўлган «Тўрақўрғон» кўчаси замонавий қиёфа касб этади.

Лойиҳа доирасида йўл 4 тасмали қилиб қайта қурилади. Кўчанинг икки томонида пиёдалар йўлаклари, кенг яшил ҳудудлар ташкил этилиб, 1400 дона ёритиш чироқлари ўрнатилади. Шунингдек, икки дона замонавий ер усти пиёдалар йўлаги барпо этилиши кўзда тутилган.

Қурилиш ишлари учун 40,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Шундан ташқари, кўча бўйлаб жойлашган 109 та хонадон, 286 та нотурар объект қайта таъмирланади, 5 та янги объект қурилади ҳамда 20 та янги бино барпо этилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа ҳудуд қиёфасини замонавийлаштириш, аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш, туризм салоҳияти ва тадбиркорлик имкониятларини оширишга хизмат қилади.