Инсониятни огоҳлантираётган касаллик

ХХI аср тараққиёт, фан ва технология билан фахрланаётган давр бўлса-да, инсониятни жим, аммо оғриқли ўлим сари етаклаётган касаллик ҳам мавжуд. У — СПИД. Бу вирус танани секин емиради, руҳни синдиради, оилаларни ажратади, жамиятни заифлаштиради. Кўпчилик уни фақат телевизорда эшитади, бироқ у орамизда, ҳаётнинг энг оддий нуқталарига кириб бормоқда.

СПИД, яъни ОИТС — инсон иммун танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликдир. У тананинг табиий ҳимоя тизимини йўқ қилади, энг оддий шамоллашни ҳам хавфли дардга айлантиради. Энг даҳшатлиси шундаки, бу вирус йиллар давомида инсон организмида яширин яшайди. Бемор ўзини соғлом деб билган ҳолатда ҳам атрофдагиларга юқтириши мумкин. Бу эса жамият учун энг катта таҳдиддир.

Бугун дунё бўйича миллионлаб инсонлар ушбу касалликка чалинган. Уларнинг кўпчилиги ёшлар. Ҳаётга эндигина кириб келаётган, орзу ва мақсадлари кўп бўлган бу авлод вакиллари, бепарволик, билимсизлик ёки бир лаҳзалик хато туфайли ўз ҳаётини барбод қилмоқда. СПИД фақат ахлоқий бузуқлик оқибати эмас — у қон орқали, стерил бўлмаган тиббий асбоблар, она сути ёки инфекция юққан донор қонидан ҳам юқади. Демак, ҳар бир инсон, ким бўлишидан қатъи назар, бу хавфга дуч келиши мумкин.

Бу дарддан ҳам хавфлиси — бепарволик. “Бу менга тегишли эмас”, деган фикр кўплаб фожеаларнинг бошланишига сабаб бўлган. СПИД ҳақида билиш, текширувдан ўтиш, ўзини ҳимоя қилиш — бу фақат тиббий эҳтиёт чораси эмас, бу ҳаёт учун жавобгарликдир. Ҳар бир ота-она фарзандига соғлом ҳаёт қадриятларини сингдириши, ҳар бир ёш ўз танасига, номусига ва келажагига бефарқ бўлмаслиги зарур. Чунки бир лаҳзалик хато умр бўйи давом этадиган азобга айланади.

СПИДга қарши кураш фақат шифокорларнинг вазифаси эмас. Бу бутун жамиятнинг, бутун инсониятнинг масъулиятидир. Ўқув юртларида, маҳаллаларда, оммавий ахборот воситаларида бу мавзуда очиқ суҳбатлар бўлиши керак. Чунки жимлик — вируснинг иттифоқчиси. Ҳар бир инсон огоҳ бўлса, у нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам асрайди.

СПИД — танани ўлдиради, аммо энг аввало руҳни синайди. Шу боис, огоҳлик — ҳаётнинг энг катта ҳимояси. Бепарволик эса жим, аммо муқаррар ўлим сари элтувчи йўл. Бугун ўзингизни ҳимоя қилинг, эртанги кун учун нажот яратинг. Чунки жим ўлимдан фақат огоҳ инсон қутулади.

Мамлакат  Йўлдошева,
Наманган вилояти  ОИТСга
қарши  кураш  маркази  мутахассиси.