Балиқчилик -  Наманган иқтисодиётининг янги драйвери

Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси томонидан вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур давомида балиқчилик тармоғида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар билан яқиндан танишилди. Тадбирнинг асосий мақсади — тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни оммага етказишдан иборат бўлди.

Балиқчилик -  Наманган иқтисодиётининг янги драйвери

«Фишвилле Норин» — инновацион
ёндашув ва маҳаллий имкониятлар уйғунлиги

Норин туманидаги «Фишвилле Норин» корхонаси қисқа фурсатда вилоят балиқчилик тармоғининг етакчи субъекти даражасига чиқди. Корхона 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя асосида ташкил этилиб, 2 гектардан ортиқ ҳудудда 76 та замонавий ҳавзани барпо этди. Ҳозирда уларнинг 40 таси фаолият юритмоқда ва супер интенсив технология асосида фарель-гулмоҳи балиқлари етиштирилмоқда.

Лойиҳанинг йиллик қуввати  2 минг тонна балиқ маҳсулоти бўлиб, 5 миллион долларлик экспорт амалга ошириш мўлжалланган. Корхона маҳаллий аҳолини балиқ боқиш технологияларига ўргатиш орқали кооперация тизимини кенгайтириб бормоқда.

Ҳозиргача Хўжақўрғонча маҳалласидаги 50 та хонадон корхона билан ҳамкорликда ишламоқда. Ҳар бир оила йилига ўртача 150 миллион сўмгача даромад топмоқда. Режага кўра, бу тажриба Норин ва Учқўрғон туманларида яна 100 та оилага ёйилади. Шунда 500 тонна балиқ хонадонларда етиштирилади ва 300 нафардан ортиқ фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлади.

Балиқчилик -  Наманган иқтисодиётининг янги драйвери

Иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий фойда уйғунлиги

Балиқчилик соҳаси бугун нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, балки аҳолининг соғлом овқатланиши, бандлиги ва даромадини оширишда ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Мазкур тармоқ ривожлангани сари бошқа гўшт маҳсулотлари нархига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, давлат серсув ҳудудларда инвестиция ва кооперация асосидаги лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватламоқда.

 «Фишвилле Норин» корхонасининг ўзида замонавий ресторан ҳам ишга тушиш арафасида бўлиб, унда турли хил балиқ таомлари тайёрланади. Бу ташаббус маҳаллий туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланишига ҳам туртки бермоқда. Шу билан бирга ҳозирда ишлаётган 25 нафар ишчи-хизматчи ёнига яна 25 нафар маҳаллий ёшлар қўшилади.

Балиқчилик -  Наманган иқтисодиётининг янги драйвери

ДХШ асосидаги лойиҳалар — янги имкониятлар манбаи

2025 йил бошидан Норин туманида интенсив усулда форель балиқчилигини ривожлантириш бўйича дастлабки лойиҳалар бошланган эди. Шу кунгача умумий қиймати 40 миллиард сўмлик 200 га яқин ҳавзада форель етиштириш йўлга қўйилди. Лойиҳаларга тижорат банклари томонидан 25 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган.

Натижада вилоятда йилига 2 минг тоннадан ортиқ форель етиштирилмоқда. Бу ишлар Давлат-хусусий шериклиги (ДХШ) асосида артезиан тик  қудуқлар атрофида ва аҳолининг хонадонларида амалга оширилмоқда. Ҳар бир хонадонда ўртача 1,6 -1,8 тонна балиқ парваришланиб, 6 ойлик даромад 50–60 миллион сўмни ташкил қилмоқда.

Ёшлар ва оила тадбиркорлиги — муваффақият йўли

Ахрор Толипов
Ахрор Толипов

«Учтепа» маҳалласида яшовчи ўқитувчи,  26 ёшли  Ахрор Толипов бунинг ёрқин мисолидир. У оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилган кредит асосида форель етиштиришни йўлга қўйган. Ҳозирда 600 килограммдан ортиқ балиқ боқилмоқда ва 6 ойда 40 миллион сўмгача даромад олмоқда. «Халқ банк»и томонидан молиялаштирилган 100 млн.сўм эвазига ҳавза, ероситидан сув тортиш мотори, қуёш панели, етарли  личенка, балиқ озуқаси  олиб, уни эътибор билан парваришламоқда.

Худди шундай «Чангитма» маҳалласида яшовчи Шахбоз Мирзаолимов ҳам намунали тадбиркор сифатида эътироф этилмоқда. У ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, ҳозиргача саримсоқпиёз ва асаларичиликдан маълум даромад олаётган эди. Ўз  ҳовлисида балиқ етиштириш ҳавзасини бунёд этиб, катта муваффақиятга эришмоқда. Жорий йил июль ойида олган 600 дона личенканинг ҳар бири ҳозирда 2,5 – 3 килограммлик  балиққа айланди. Фуқаро олти ойлик муддатда ўртача 40-50 млн. сўмгача даромад олмоқда. 

Балиқчилик -  Наманган иқтисодиётининг янги драйвери

Энергия тежамкорлик ва барқарор ривожланиш йўлида

Ҳар бир балиқчилик ҳовузи учун қуёш панеллари ўрнатилгани энергия сарфини камайтириб, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартирмоқда. Шунингдек, балиқ боқилган сувнинг минерал таркиби бойиб, уни қишлоқ хўжалигида ишлатиш орқали ер унумдорлиги оширилмоқда.

Президент топшириқлари — янги босқичга йўл очмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил сентябрь ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида «Фишвилле Норин» корхонаси фаолияти билан танишиб, вилоятда форель етиштириш ҳовузлари сонини 1000 донага етказиш бўйича топшириқ берган эди. Ҳозирда бу йўналишда 150 та янги ҳовуз қурилиши бошланган, уларнинг 50 таси якунланиш арафасида. Туманда мазкур соҳани ривожлантириш ҳисобига ҳовузлар сонини 1500 донага етказиш ҳаракати бормоқда.

Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулайманов
Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулайманов

Бу ташаббуслар маҳаллий аҳолининг ташаббускорлигини кучайтириб, банклар билан ҳамкорликда тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини мустаҳкамламоқда, – дейди Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулайманов. – Вилоятимизда бошланган бу ҳаракат нафақат балиқчиликни, балки оилавий тадбиркорлик, бандлик ва экспорт салоҳиятини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Балиқчиликдаги янги тажриба шуни кўрсатадики, илм, сармоя ва меҳнат уйғунлиги мавжуд жойда натижа ҳам барқарор бўлади

Балиқчилик тармоғи эндиликда вилоят иқтисодиётининг янги драйвери сифатида шаклланмоқда — у иш  ўринлари, даромад ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ишончли таянчга айланмоқда.

Санжарбек ҲАМИДОВ,
Раҳимжон ИРИСОВ.