Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари кунини Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни дея қайта номлаш таклифини берди. Бу ҳақда у Тошкент давлат тиббиёт университетига ташрифи чоғида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда давлат раҳбари соҳа тараққиётига хизмат қиладиган кўплаб янги ташаббусларни «сизлар билан муҳокама қилиб оламиз» дея сўз бошлади.

«Замонавий тиббиётни фармацевтикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан буён ушбу байрамни Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни деб нишонласак, ўйлайманки, сизлар буни қўллаб-қувватлайсизлар!» — деди президент.

«Буларнинг барчаси тиббиёт ва фармацевтика ходимларига кўпроқ изланиш, илғор даволаш ва профилактика усулларини эгаллашда катта рағбат, куч-ғайрат беради» деб ишонмоқда Шавкат Мирзиёев.